2017-10-18 22:33:00

НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ САМАРА БЕРМОҚДА

“Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти Кенгаши, Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда Наманган шаҳридаги бир қатор компьютер ўйинлари хоналари, тунги клуб ва кўнгилочар масканларда тунги вақтларда ота-оналар қарамоғисиз юрган вояга етмаган ёшларни аниқлаш юзасидан назорат рейдлари ташкил этилди. Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Рейдлар давомида Наманган шаҳридаги ер ости ўтиш йўлларидаги компьютер ўйинлари хоналарида вояга етмаганлар томонидан ваҳшийлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи ҳамда ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи ўйинлар ўйналаётгани кузатилди. Бемақсад юрган вояга етмаган ёшларнингяшаш манзили ва таълим муассасалари аниқланиб, улар ўртасида тегишли профилактика ишлари олиб борилди.

Наманган шаҳридаги тунги клублар ҳамда кўнгилочар масканларда вояга етмаган ёшларнинганиқланмагани давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларининг самараси, дейиш мумкин.

Ишчи гуруҳ томонидан келгусида ҳам бу каби назорат рейдлари мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди. Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирлар вояга етмаганлар назоратсизлиги, қаровсизлиги, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”.