2017-10-19 13:13:00

ИККИ ЙИЛДА ТИКЛАНГАН АДОЛАТ

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, дея эълон қилингани зап иш бўлди-да. Турли даражадаги раҳбарлар халққа яқинлашяпти, одамлар дарду-ташвишларини бемалол айтишмоқда, йиллаб чўзилиб келаётган муаммолар ечимини топаётир.

Бизни ҳам икки йилдан буён бир масала қийнаб келаётганди. Гап шундаки, 1995 йилда хусусийлаштирган биномизнинг ертўла қисмига даъвогар чиқиб қолса бўладими? Зарур ҳужжатларни тақдим этишимизга қарамасдан, иш судгача бориб тақалди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, тортишув вилоят хўжалик судида 10 маротаба кўриб чиқилди. Бироқ, ҳар гал асосли далилларни тақдим этган бўлсак-да, суд ҳақлигимизни исботлаб беролмади. Шунга қарамай, адолат қарор топишидан умидимизни узмадик. Тўғри қилган эканмиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Козимжон Комилов вилоятимизда сайёр қабул ташкил этишини эшитиб, учрашувга шошдим. Олий суд раиси мурожаатимни қунт билан тинглаб, масала одилона ечиб берилишини айтди.

К.Комиловнинг топшириғи билан тузилган комиссия ишни батафсил ўрганиб чиққандан сўнг тортишувларга сўнгги нуқта қўйилди. Мулкка эгалигимиз тўла тикланди. Бугун ертўладан омборхона сифатида фойдаланяпмиз. Бу орада қўшимча тўртта иш ўрни яратиш имконияти юзага келди.

Масалага жиддий ва холисона ёндашса ҳаммаси рисоладагидай бўларкан-ку, дейман. Бунинг учун ҳар бир мутасадди вазифаси, бажараётган иши масъулиятини юракдан ҳис қилиши, ўзгалар дардига дармон бўла олиши кифоя.

Жамият равнақига озгина бўлса-да ҳисса қўшишга қарор қилган инсон сифатида тадбиркорлик ривожига кенг йўл очиб берган, дарду ҳасратимни тинглаб, мушкулимизни осон қилган инсонларга мингдан минг раҳмат айтаман.

Зокиржон ОТАБОЕВ,

Наманган шаҳридаги “Ойдина” хусусий фирмаси раҳбари.

"Туркистон-пресс"