2017-10-20 10:21:00

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ — ҲУҚУҚШУНОСЛАР МУҲОКАМАСИДА

Тошкентда “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳуқуқшунослар иштирокида муҳокама этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

— Ўзбекистон “Адолат” СДП аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш тарафдори, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Шу боис партия мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этган ҳолда ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари суриб келмоқда. Бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. У буйракни кўчириб ўтказиш бўладими, жигар ёки юрак ва ўпка трансплантацияси бўладими, лекин беморлар учун фақатгина шу органлар трансплантацияси тирик қолиш имкониятини ташкил этади. Имконияти бор беморлар чет давлатларга чиқиб, у ерда қиммат нархларда трансплантацияни амалга ошириб келишмоқда. Лекин бундай имконият ҳамма беморларда ҳам йўқ. Бу эса аҳолининг асосий қисмини замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан маҳрум этмоқда. Қолаверса,  мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг илғор жаҳон тажрибасидан ортда қолишига, фуқароларимизнинг айрим замонавий тиббий муолажалар учун хорижий давлатларга бориб келишига, юқори малакали врачларнинг хорижда ишлашга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айни шу мақсадда жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, вазирлик билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилди ва қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган тадбирлар қаторида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган эди.

Ўтган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон “Адолат” СДП экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Тадбирда ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”