2017-10-20 17:47:00

FIDE ЖАВОҲИР СИНДОРОВГА ХАЛҚАРО ШАХМАТ УСТАСИ УНВОНИНИ БЕРДИ

Жорий йил Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон шахмат федерацияси — FIDEнинг  88-Конгрессида иқтидорли ёш спортчимиз Жавоҳир Синдоровга Халқаро уста унвони берилди.

Бугун шу муносабат билан Ўзбекистон шахмат федерациясида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортнинг барча турлари, шу жумладан шахматга берилаётган ҳукумат миқёсидаги эътибор ва рағбат ўз самараларини бераётганини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон шахмат бўйича FIDE доирасидаги  турли халқаро ва минтақавий турнирларни ўтказиб келмоқда.

Бунинг натижаси ўлароқ юртимизда “ақл гимнастикаси” билан шуғулланувчи ёш йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар жаҳон чемпионатлари ва халқаро турнирларда зафар қучиб, юртимиз байроғини сарбаланд кўтармоқдалар. Бу ёшлар ўзбек шахматининг умиди, порлоқ келажаги, таъбир жоиз бўлса, олтин авлоди вакилларидир. Жумладан, улар орасида 11 ёшли Жавоҳир Синдоров шу йил июнь ойида пойтахтимиз мезбонлик қилган FIDEнинг 3.4-зонаси — Марказий Осиё чемпионатида 9 имкониятдан 6 очко жамғариб, 4-ўринни эгаллаб, халқаро тоифадаги спорт устаси нормасини учинчи маротаба бажарган эди.Шу боис ҳамТуркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон шахмат федерацияси — FIDEнинг  88-Конгрессида иқтидорли ёш спортчимиз Жавоҳир Синдоровга Халқаро уста унвони берилди.

Таъкидлаш жоизки, бу мамлакатимиз миқёсида рекорд натижа ҳисобланади. Таққослаш учун, ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлардан Тоҳир Воҳидов 30 (1993 йили), Михаил Салтаев 28 (1990), Саидали Йўлдошев 27 (1995), Алексей Барсов 26 (1992), Сергей Загребельный 25 (1990), Марат Жумаев 22 (1998) ёшида халқаро мастер (IM) унвонига сазовор бўлган. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё шахматчилари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер даражасига эришган Георгий Аъзамов ҳам собиқ иттифоқ даврида, яъни, 1982 йили ушбу унвонга сазовор бўлганида 28 ёшда эди. 

Ёш шахматчиларимиз дунёнинг исталган бурчагида ташкил этилаётган нуфузли турнирларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида кўрсатаётган натижалар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. 2012 йили Нодирбек Абдусатторов, 2015 йили Шамсиддин Воҳидов тенгқурлари ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Истеъдодли ёшларимиздан Темур Қўйбоқаров 16, Шамсиддин Воҳидов 14, Нодирбек Абдусатторов 12 ёшида халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Энди улар сафига 11 ёшли Жавоҳир Синдоров ҳам қўшилди. 

 Ака-ука Жавоҳир, Исломбек ва Ҳумоюн Синдоровлар шахматда эришаётган натижалар бугун барчамизни қувонтирмоқда. Жавоҳир ва Исломбек мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бир неча карра ғолибларидир. Энди 8 ёшни тўлдирган Ҳумоюн ҳам акалари изидан ғайрат билан бормоқда. 

Тадбир давомида Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси —   компьютер тантанали равишда топширилди.

—Аввало, мен каби ёшларга улкан имкониятлар яратиб бериб, баланд марралар сари ундаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёёевга катта раҳматларимни айтаман. Биз ёшлар бу ишонч ва рағбатни доим ҳис қилиб турамиз, —дейди FIDE халқаро устаси Жавоҳир Синдоров. — Бугун кечқурун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бошланаётган халқаро турнирда иштирок этиш учун жўнаб кетяпман. Ниятим — мазкур турнирда ҳам муносиб иштирок этиб, устозларим ва юртимиз шахмат ишқибозларининг ишончини оқлашдир.

Маълумот учун, Жавоҳир 2005 йил 8 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозир Сергели туманидаги 300-ИДУМ ўқувчиси. У яқин келажакда янада баланд марраларни забт этиб, ўзбек шахматининг ҳақиқий жавоҳирига айланишига ишонамиз.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”