2017-10-20 18:28:00

САЛОҲИЯТЛИ ЁШЛАР — МАМЛАКАТ КЕЛАЖАГИ

Ўзбекистон миллий университетида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” томонидан қатор вазирликлар ва олий таълим муассасалари талабалари иштирокида “Бизнинг вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсиб-улғайиши, билим ва ҳунар эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, ўз қобилиятига яраша иш ўрнига эга бўлишини таъминлаш учун “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг беш устувор вазифаси — Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, интеллектуал меҳнат соҳасида ўз қобилият ва истеъдодини намоён этиши учун зарур шароит яратиш O‘zLiDePнинг ҳам устувор вазифасидир. Партия “Ёшлар қаноти” ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни иш билан таъминлаш, юксак маънавиятли баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 751 тадбир ўтказди, уларда 58 мингдан зиёд йигит-қиз иштирок этди. Жумладан, “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида турли хил мавзуларда анжуманлар бўлиб ўтди.

Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаганидек, уюшмаган ёшларни тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари учун бизнес курслар ташкил қилиш ҳам “Ёшлар қаноти”нинг устувор вазифаларидан саналади.

Шу мақсадда “Ёш мулкдор — юрт таянчи” ҳамда “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида 822 нафар йигит-қизнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашдаги муаммолари жойида ҳал этилган бўлса, 193 нафар иштирокчиларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат этилди. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги барча касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ташкил этилган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасидаги семинар-тренингларда жами 6 минг нафарга яқин коллеж битирувчилари иштирок этиб, ўз тадбиркорлигини бошлаш учун бошланғич билим ва кўникмаларга эга бўлишди. Шунингдек, “Ёшлар бандлигини таъминлаш муҳим вазифамиз” шиори остида ташкил этилган тадбирлар доирасида 500 нафар уюшмаган ёшлар партия фаоллари бошқараётган тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштирилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”