2017-10-23 16:06:00

АКАДЕМИК БАКРИДИН ЗАРИПОВНИНГ КИТОБСЕВАР ЁШЛАРГА ЎГИТЛАРИ

        Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди, деган эди донишмандлардн бири. Бугун бу ҳикматнинг нечоғли ҳаётий ҳақиқат эканлигини атрофимизда рўй бераётган воқеалар мисолида ҳам кўриб турибмиз. Китоб тафаккур, маънавият, аҳлоқ ва тарбия манбаи эканлигини, унинг инсон камолоти йўлида тутган ўрни ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш ва амалий натижага эришишда бир қатор ишлар қилинганлигини таъкидлаш жоиз. Бироқ ҳаёт ўзгариш ва янгиланишсиз турмайди. Шу маънода одамлар тафаккуридаги ўзгаришлар ҳамда ҳаётий талаб бу соҳадаги ишларни яна қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш лозимлигини тақазо этмоқда. Бинобарин, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ва “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарори халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ўқишни ҳар тамонлама ривожлантиради ва мазмунан бойитади. Пировард натижада  саводли, ақлли ёшларимиз ва халқимиз  Ўзбекистонни ҳамма соҳада энг илғор давлатлардан бирига айлантиради.

Ҳар қандай давлатнинг келажаги  бу унинг маърифатли, ақлли ёшларидир. Бу аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Билимолишҳозирги авлоднинг Ватан келажаги олдидаги қарзи ҳисобланади.

 Бугунги  мамлакатимиз шиддатли ва завқбилан ривожланиб бораётган  кундаяхши диплом учун эмас, яхши билим учун курашадиган вақт келди.

Ишонч

Ҳар бир соҳада бўлгани каби китобни ҳам ишонч билан севиб ўқиш керак.

Амир Темур бобомизнинг ишонч билан зиёлиларни қўллаб-қувватлашлари, илмни қадрлашлари, бир неча баробар кам сонли ҳарбийлари билан  рақиблар устидан ишонч билан қилган ғалабаларини эсланг.

    Китобни содиқ дўст деб билган машҳур сиёсатчи ва давлат арбоби Уинстон Черчиллга Англиянинг ҳарбий жараёнларини бошқариш берилганда, у гарчанд бу соҳада тажрибаси йўқ бўлишига қарамасдан  ишонч билан “Бутун ҳаётим давомида мен мана шу ишга тайёргарлик кўрганман ва сўзсиз ғалаба қозонаман” деб бошлаган ва катта ғалабаларга эришган.

Синергия, синергетик эффект

       1+1=5 ёки 8 десангиз ҳеч ким ишонмайди. Синергетик эффект шундан иборатки, бирорта яхши хабар, яхши воқеа, яхши қилинган ҳаракат, яхши қарор, яхши лойиҳа, хуллас,барча яхшиликлар жуда тез тарқалади. Тарқалганда ҳам арифметик эмас, геометрик прогрессия билан тарқалади ва кучли синергетик оқибатни келтириб чиқаради. Демак, бита яхшилик кўплаб яхшиликларга, хурсандчиликларга сабабчи бўлади ва занжирга уланиб  давом этиб кетаверади. Буни —синергетик эффект,деб аташади. Синергетик эффект бирлашиб,катта кучга айланади. Мисол учун,бита чўпни ёки ходани синдириш осон, агар иккаласини бирлаштириб боғлаб синдираман десангиз,5-8 баробар куч кўп кетади. Ана Сизга 1+1=5 ёки 8!

        Китоб ўқиш ўрнига интернет клубларига бориш кўпайиб кетди. Ралли, отишмалар, даҳшатли мазмунсиз фильмлар ва ҳоказо. Бир соати 2-3 ҳатто 5 минг сўмгача боради. Ота–оналар шу  мазмунсиз интернет клубига кетган 2-3 кунлик маблағга китоб олиб берсалар яхши бўларди. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки,ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бутун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўтган кунлар”романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, Абдулла Қодирий китобинингтаъсирини, жозибасини беролмайди.

        Мен шу ерда бир мисол келтираман: бундан 2 йил олдин Америкадаги Гарвард университетига физиология соҳаси бўйича илмий маъруза ўқишга чақиришди. Маълумки, Гарвард университети дунё таълим ва фан рейтингида биринчи ўринда туради. Маърузадан кейин университетнинг  профессори  қайси бўлимларни кўришни хоҳлайсиз,  экскурсия қиламиз,деб сўради.  Мен кутубхонани кўрсатишларини сўрадим. Гарвард университетининг 80та кутубхонаси бор экан(медицина, табиатшунослик, адабиёт, ҳуқуқшунослик, геология, тарих, информатика ва бошқа соҳаларга бағишланган). Қайси бирига олиб кирайлик, дейишди. Мен энг каттасига, дедим. Университетнинг энг катта умумий кутубхонаси 1000 ўқувчига мўлжалланган экан. Кутубхона зали бўйлаб айландик,тушлик бўлиб қолганига қарамасдан бирорта бўш жой йўқ. Ҳамма столда компьютер бўлишига қарамасдан, бирорта ўқувчи компьютерга қараганини кўрмадик.

        Ҳамма китоб ўқиб, конспект қилиб ўтиришибди. Мен сўрадим,ҳеч ким компьютердан фойдаланмас экан-да, деб. Бизни профессорнинг жавоби ҳайратлантирди:“Компьютер билан уйида, ишхонада ва бошқа жойларда фойдаланиши мумкин, бу ер кутубхона —кутубхонада китоб билан ишлаш, ўқиш, зарур манбаларни топиш  учун келган”, деди. Бу гапдан кейин ҳайратдан қотиб қолдим... Китобни севганлиги ва қадрлагани учун Гарвард университети битирувчиларидан  75 нафари Нобель мукофотининг соҳиблари,  дунё  миллиардерлари бойлигининг ярми мана шу собиқ талабалар қўлида, Американинг 45 та Президентидан 12 нафари шу университетни битирган  ва ҳ.к.

Дарҳақиқат, китоб — буюк устоз! “Тушлик вактини ўтказиб юбориш мумкиндир, аммо умрнинг энг мазмунли қисмини китоб ўқимасдан ўтказиб юбориш асло мумкин эмас”, деган АҚШ файласуфи Жим Ронн.

      Фақат биргина китоб киши ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Бахт миллионлаб китоблар ичида руҳингизга мос китобни  топа билишда.  Шунинг учун ҳам ҳаётда ўз китобингизни топмагунча асло тиниб–тинчиманг, таслим бўлманг.

       Минг чақирим масофага саёҳат ҳам биринчи қадамдан бошланади. Китоб ўқишни ҳам биринчи қутлуғ қадамдан бошлаш лозим.

Мутолаа учун вақт топинг — бу илм асосидир

       Атроф-муҳитдаги воқеалар, ҳодисалар, шу жумладан, китоб мазмуни ва барча билимлар  ҳам инсон мияси орқали қабул қилинади. Мия 15 ёшгача ўсади. Инсон 5 ёшгача ташқи муҳит ахборотларининг 70-80 фоизини олиб бўлади(иссиқ-совуқ, ота-она, ака-ука,ой, қуёш,тоғ, табиат, ҳайвонлар ва ҳ.к.).

     Демак, 5 ёшга келиб инсон мияси физиологик жиҳатдан  ўқишга, ҳарфларни жамлашга тайёр бўлади. Миянинг мана шу физиологик хусусияти ҳисобга олиниб кўп мамлакатларда 6 ёшдан, баъзи мамлакатларда 7 ёшдан 1-синфга борадилар.

Организмда нерв ҳужайраларининг ¾ қисми мияда жойлашган. Бу тахминан 14 млрд. нерв ҳужайрасига тўғри келади. Миянинг ката-кичиклиги ақлий фаолиятга умуман алоқаси йўқ.

     Шуниси қизиқки, бош мия ярим шарларидаги нерв ҳужайраларининг бор йўғи 2,5-3,0 фоизигина ақлий фаолият даврида ишлаб туради. Мана,сизга резерв. Бош мияга қанча юклама берилса, албатта меъёри билан, унинг қабул қилиш қобилияти шунча ошиб боради. Инсон мияси тана умумий оғирлигининг 2фоизиниташкил килади, оғирлиги тахминан 1,4 кг. Мия кучли компьютерга ўхшайди. Уҳар хил сигналларни қабул қилади —товуш, ҳид, фигуралар ва ҳ.к., уларни аниқлайди ва туркумларга ажратади, эслаб қолади. Миянинг эслаб қолиш қобилияти ҳар қандай компьютердан кучли.

      Инсон мияси чексиз имкониятларга эга. Битта мисол: 1980 йилда Лондон университетининг математика кафедраси  талабаси 28 секундда 13 рақамли сонни 13 рақамли сонга кўпайтириб,аниқжавоб айтди. Бундай мисоллар жуда кўп.

      Китоблар инсонларга ҳаётни қандай яхшилашни, инсонлар қандай тоза ва бир-бирига меҳрибон бўлишни, меҳнатни қандай севиш ва ўзгалар меҳнатини қадрлашни ўргатади. Яхши китоб ўқиган кишиўузини кучлироқ, ақллироқ, инсонпарварроқсезади.

      Маънавий озуқа —китоб. Китоб ўқимаган инсон ўзини маданиятли, маърифатли деб аташга ҳаққи йўқ. Яхши китобни ўқиб яхши, равон гапиришни, чиройли жумлалар тузишни  ўрганасан.  Китоб ўқиш —ақлни чархлаш демакдир.

        Китоб сизнинг энг яқин дўстингиз, унга ишонинг. У керак бўлганда сукут сақлайди, керак бўлса сизга дунё эшигини очиб беради. Инсонлар китоб ўқимай қўйганда фикрлашдан ҳам тўхтайдилар. Китоб — энг яқин дўст. Ҳаётнинг оғир лаҳзаларида унга суянишингиз мумкин. У сизни ҳеч қачон сотмайди. Китоб қалбни ёритади, инсоннинг қаддини ростлайди, мустаҳкамлайди, ундаги эзгу ниятларни жонлантиради, ақлни ўткир, юракни енгил қилади.

     Ҳар қандай давлатнинг келажаги — бу унинг маърифатли, ақлли ёшларидир. Бу аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Билимолиш — ҳозирги авлоднинг Ватан келажаги олдидаги қарзи ҳисобланади.

Маърифатли инсонлар цивилизацияни белгилаб беради

      Яхши диплом учун эмас, яхши билим олиш, китоб ўқиш учун курашадиган вақт келди. Бош мияни ишлатиш, унга янги ғояларни келтириш учун ҳам китоб ўқиш, билим олиш керак. Билим олиш — бахтсизликдан қочишнинг ягона йўлидир. Маърифатли ва маърифатсиз инсонлар ўртасидаги фарқхудди тириклар ва ўликлар ўртасидаги фарқкабидир, дейдилар алломаларимиз.

      Билимнинг кучи шунда-ки, уни сиздан ҳеч ким тортиб ололмайди. Умрида китоб ўқимаганлар қўпол, камбағал ва бахтсиздирлар. Нима ўқисанг ҳам ўзинг учун ўқийсан. Мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юрти  учун эмас, ҳаёт учун ўқиш, билим олиш керак.

       Инсон қалбига худди ерга ёмғир, сув қандай керак бўлса, китоб ўқиш ҳам худди шундай таъсир қилади. Она-Ватанни гуллатадиган  — унинг ақлли фуқаролари ҳисобланади. Мамлакатнинг оқил, маърифатли инсонлар ицивилизацияни белгилаб берадиКитоблар авлодлар ўртасидаги сирли кўприкдир. Китоблар ҳаётнинг энг яхши совғасидир.

      Китобни инсон тафаккурининт қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнингаччиқ меваси. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонта китоб ўқиш орқали юқади.

        Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинт минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб ҳамиша илм-маърифат, одоб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бутунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ.

Китоб — ақл қайроғи

         Хулоса килиб айтганда, инсоннинг  маданияти, маънавияти  унинг ўқиган китоблари орқали  акс этади.  Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўлланилади. Китоб — инсоннингэнг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Китоб ўқиш жараёнида ўқувчи қаҳрамонлар билан бирликни ҳис қилади, уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлади.

          Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бадиий асар ўқиган одам ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан. Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидлашмоқда. Статистика маълумотларига кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади. Тадқиқотларда аниқланишича, китоб ўқишни хуш кўрадиган болалар мактабда ҳам яхши ўқишади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиришади. Демак, китоб доимий ҳамроҳингиз бўлса, ҳаётда асло адашмайсиз!

Бакридин ЗАРИПОВ,

Академик,  Нью-Йорк фанлари академияси академиги,

Жаҳон Физиологлар жамияти академиги,  

биология фанлари доктори, профессор.

(“Туркистон-пресс”).