2017-10-23 17:27:00

БУХОРО — ШАРҚ ГАВҲАРИ

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида шаҳарсозлик маданиятини шиддат билан тараққий этиб бораётгани инсоният оламига сир эмас. Хусусан, Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарларидан бири бўлган қадимий Бухорода ҳам бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.  

Айни дамда дунёнинг кўплаб сайёҳларини ўзига жалб этиб, бетакрор жилоси ила минг-минглаб қалбларни мафтун айлаб келётган ушбу кўҳна шаҳар ҳақида “Ла Репубблика” (Италия) газетаси саҳифасида эълон қилинган мақолада муаллиф Ўзбекистонни ўхшаши ва тенги йўқ мамлакат, дея таърифлар экан, кўп асрлар давомида ўлкамиз Буюк Ипак йўлида Ғарб ва Шарқ ўртасидаги маърифий кўприк сифатида хизмат қилганини қайд этади.

Шунингдек, нашр ўз ўқувчиларининг эътиборига мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканлари ҳақидаги атрофлича маълумотларни тақдим этган бўлиб, ёритилган ушбу мақолада Бухорога “Марказий Осиёнинг энг табаррук шаҳри”, дея таъриф берилгани ҳам бежизга эмас.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда бошқа соҳаларда бўлганлиги каби, туризм ва шаҳарсозликни ривожлантириш, сайёҳларга қулай шароитлар яратиб беришга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар кўлами тобора юксалмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида яқинда “Бухоро шаҳри куни”  фестивали ўтказилди.

Ушбу фестиваль доирасида илмий-амалий конференция, “Мен Бухорони севаман” марафони ўтказилди, савдо ярмаркаси ташкил этилди.

“Бухоро — Шарқ гавҳари” шиори остида расмлар кўргазмаси, фото ва видеороликлар кўрик-танлови,  шунингдек, кўҳна шаҳар миллий ҳунармандчилик мактабларининг маҳорат мактаблари намойиши, фольклор жамоалари чиқишлари,  гала концерт ўтказилди.

Сабоҳат КАРИМОВА,

“Туркистон-пресс”