2017-10-23 17:47:00

ИНСПЕКТОРЛАР КИТОБ ТАРҚАТДИ

Каттақўрғон туманидаги Яккабоғ маҳалласида нотинч оилалар, профилактик ҳисобда турганлар ва ишсизлар, кам таъминланган оилалар билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича туман ҳудудий комиссияси аъзолари иштирок этди. Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Файзулла Қувондиқов, вилоят ИИБ ҲПБ бошлиғи Рашид Раҳмонов учрашувнинг мақсад ва моҳияти ҳақида сўз юритди. 

Тадбирда бир қатор кам таъминланган ва нотинч оилаларнинг фарзандларига китоб, иссиқ кийимлар ҳамда ногиронларга тиббий жиҳозлар тарқатилди. Вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси ходимлари томонидан 25 нафар фуқарога ишга йўлланма берилди. Шунингдек, маҳалладаги замонавий спорт майдонида кам таъминланган ва нотинч оилалар фарзандлари иштирокида спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.

—Вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари бизнинг хонадонга ҳам ташриф буюрди, —дейди Яккабоғ маҳалласидаги Иска қишлоғида яшовчи Сабоҳат Акбарова. — Биз билан суҳбатлашиб, яшаш шароитимиз, муаммолар билан қизиқишди. Оила аъзоларимга китоб ва бошқа совғалар топширишди. Албатта, гап совға ёки бошқа бирор моддий рағбатда эмас. Муҳими, биз каби олис туманлардаги хонадонлар ҳам эътибордан четда эмаслиги, жамиятга керак эканимизда. Ана шу фикрлар фарзандларимизни эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялашга ундайди.

“Туркистон-пресс”