2017-10-23 17:57:00

МАХСУС СИРТҚИ БЎЛИМЛАРГА ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Президентимизнинг 2017 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд давлат университетида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларга 2017-2018 ўқув йили учун қабул жараёнлари якунланди.

— Жорий ўқув йилида университетимизда очилган педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимда ўқиш истагида бўлган абитуриентлардан беш мингга яқин ҳужжатларни қабул қилдик, — дейди СамДУ қабул комиссияси масъул котиби О.Эшниёзов. — Улар топширган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг “Олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларига 2017-2018 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш тартиби ва мезонлари” асосида баҳоланди. Натижада бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши, мактабгача таълим, жисмоний тарбия, меҳнат таълими, педагогика-психология, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишлари бўйича белгиланган квота ўринларига мувофиқ 330 нафар номзодни танлаб, махсус сиртқи бўлимда таҳсил олишлари учун тавсия этилди.

Жорий йил 1 ноябргача бўлган муддатда номзодлар 2 миллион 220 минг сўмлик (бир ўқув йили учун) тўлов-шартнома пулларини тўлашлари  лозим.

Махсус сиртқи бўлимда ўқиш 6 ноябрдан бошланади, ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс иши, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг ойлик маошлари асосий иш жойида сақланади. Бир ўқув йилида тўрт марта икки ҳафтадан ўқув таътиллари берилади. Ўқув таътиллари қоида тариқасида умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади ва уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби сақлаб қолинади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, қўшимча қабулга доир тўлов-контракт пулининг оширилган ставкасининг тўрт балгача етмаган миқдори бўйича абитуриентлардан 304 та ариза келиб тушди. Уларнинг 199 таси тўлов-контракт пулини тўлаб бериб, ўқув машғулотларини давом эттирмоқда. Оширилган ставка бўйича қўшимча қабул ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентлардан, 68 балдан кам бўлмаган балига мувофиқ кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб 576 нафар абитуриентдан аризалар қабул қилганмиз. Жорий йилнинг 30 октябрига қадар ушбу аризаларни кўриб чиқиб, лаёқатлиларини талабаликка қабул қилиш тавсия этилади.

“Туркистон-пресс”