2017-10-23 18:08:00

НОДИРБЕК — САНКТ-ПЕТЕРБУРГ ТУРНИРИ ҒОЛИБИ БЎЛДИ

Шу кунларда Россиянинг Cанкт-Петербург шаҳрида Чигорин хотирасига бағишланган анъанавий халқаро шахмат фестивали бўлиб ўтмоқда.

Мусобақада дастлаб блиц йўналиши бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ушбу турнирда жами 275 нафар шахматчи ғолиблик йўлида дона сурди. Улардан 14 нафарининг гроссмейстер эканлиги мусобақа нуфузидан далолат бериб турибди.

Улар орасида уч нафар ҳамюртимиз — Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам бор эди. Яна икки шахматчимиз Жавоҳир Синдаров ва гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов стандарт йўналишда ташкил этиладиган турнирда иштирок этишади.

Якунда 15 ёшли Нодирбек Ёқуббоев кучли гроссмейстерларни ортда қолдириб, блиц турнири ғолибига айланди. Россиялик Сюгиров кумуш, ҳиндистонлик 16 ёшли Вайшали бронза медалини қўлга киритди. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”