2017-10-23 19:09:00

ЎЗБЕК МАДАНИЙ МЕРОСИ — ЖАҲОН НИГОҲИДА!

Жорий йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳовлисининг очиқ саҳнасида “Ўзбек маданий мероси — жаҳон нигоҳида!” мавзусида Республика фестивали ҳамда илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

 Таъкидланганидек, авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларни эъзозлаш, халқимизнинг номоддий маданий мероси намуналарини сақлаш, авайлаш, тарғиб қилиш, ёшларни миллий маънавий анъаналаримизга юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг долзарблик касб этувчи масалаларидан ҳисобланади. Мазкур фестиваль орқали тарихий анъаналаримизни халқ ўртасида тараннум қилиш, миллий маданиятимизнинг дунё миқёсидаги ўрнини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда туризмни ривожлантиришда маданий меросимиздан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш, анъанавий санъат ва маданиятимизни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш кўзда тутилган. 

Фестиваль анъанавий ижрочилик, Катта ашула ва Аския ижрочиларининг чиқишлари билан янада файз олди, турли хил фольклор жамоалари, бахши, лапар, ўлан ижрочилирининг чиқишлари, қўғирчоқбозлик томошалари барчага кўтаринки руҳ улашиб, фестивалга ўзгача шукуҳ ва кўрк бағишлади. Айниқса, дорбозлик санъати чиқишлари йиғилганларнинг ҳайратига сазовор бўлди. Институт ҳовлисида ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”