2017-10-25 11:11:00

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ АНҚАРАГА ЖЎНАБ КЕТДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга жўнаб кетди. 

Аввал хабар қилинганидек, Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади, халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади. 

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Истанбул шаҳрига ҳам ташриф буюради.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

“Туркистон-пресс”