2017-10-25 12:22:00

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЧКИ ИШЛАР ИДОРАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНМОҚДА

Тинчлик ва осойишталикни халқимиз қанчалик қадрласа, шу неъматлар туфайли хотиржам ва фаровон ҳаёт кечираётган бўлса, уларни асраш, барқарорликни таъминлаш давлатимизнинг бош мақсадларидандир. Бу йўлда барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқаро миқёсдаги “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси”да доим юқори ўринни (2017 йил 2-ўрин) забт этиб келаётир.

Бунда мамлакатимиз ички ишлар органлари тизими замон талаблари даражасида такомиллаштирилаётгани ҳамда соҳа ходимларининг ўз зиммасига юкланган вазифаларни фидойилик билан бажараётгани алоҳида ўрин тутмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маданият саройида 25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда бу алоҳида таъкидланди. 

Ички ишлар вазири П.Бобожонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ички ишлар тизими фаолияти самадорлигини ошириш, уни замонавий босқичга кўтаришга қаратилган амалий ишлар рўёбга чиқарилаётганини таъкидлади. 

Профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилди. 

Ички ишлар идораларининг моддий-техник базаси тубдан мустаҳкамланди. Соҳа ходимлари жаҳон андозаларига мос алоқа, техника ва замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди. Тизимни нафақат жисмонан, балки маънан етук кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис Ички ишлар вазирлиги академияси, Ҳарбий-техника институти, Ёнғин хавсизлиги институтига ҳар томонлама етук ёшлар ўқишга қабул қилинмоқда ва улар замонавий таълим стандартлари асосида тарбияланмоқда. 

Ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли ҳамда ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Пайшанба —профилактика куни сифатида белгилангани бу ҳамкорликни янги босқичга кўтариб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижобий самара бераётир. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 355 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмагани шунинг натижасидир. 

Ички ишлар идоралари шахсий таркибининг нафақат касб маҳорати, балки маънавий-маърифий, сиёсий-ижтимоий ва ҳуқуқий билимини ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг хизматини рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар соҳадаги ютуқларни кўпайтирмоқда. Шу пайтга қадар 1 минг 500 дан ортиқ профилактика инспектори хизмат уйи ва имтиёзли автотранспорт воситаси билан таъминланди. 

Эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган кўплаб ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизмати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармон бунинг яққол тасдиғидир. 

Тадбирда бир гуруҳ ички ишлар ходимларига Ватанимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди. 

– Касб байрамимиз муносабати билан ҳамкасбларимизнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани соҳамизга бўлган юксак эътибор ва ишонч ифодасидир, – дейди "Жасорат" медали соҳиби, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар бошқармаси профилактика бўйича катта инспектори Фаррух Рўзиев. – Ана шу ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан меҳнат қиламиз. 

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа ходимлари ва фахрийлари иштирок этган тадбирга санъаткорларнинг концерт дастури байрамона руҳ бағишлади. 

Норгул Абдураимова, Ёлқин Шамсиддинов (фото), ЎзА