2017-10-25 16:06:00

МИЛЛАТИМИЗ ФАХРИ ВА АРМОНИ

        Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида халқимизнинг оташқалб фарзанди таваллудининг қутлуғ санасига юртимиз бўйлаб катта ҳозирлик кўрилмоқда.

    Бир нарсани таъкидлаб айтиб қўяй: халқимизнинг асл фарзанди, забардаст  раҳбар, юртга суюкли, маълум ва машҳур, ноёб ва беназир Инсон —  Шароф Рашидов ҳақида ёзиш нақадар шарафли ва айни пайтда ўта  масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Унутилмас лаҳзалар

      Эсимда, ўтган асрнинг 70 – йиллари эди,  Қўшработ совхозига Шароф Рашидов ташриф буюрдилар. Юрт раҳбари  мамлакатдаги  ижтимоий-иқтисодий ривожланишлар  кўлами, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш максадида  доимо ҳудудларни айланиб халқ билан мулоқат қилиб  юрардилар. Қўшработ совхозига  вилоят  раҳбари - Бектош Рахимов билан келганларида биз ёшлар ҳам оқсоқоллар ва совхоз аҳолиси билан биргаликда  ул  улуғ инсонни кутиб олиш ва саломлашиш бахтига муяссар бўлганмиз.   Шароф Рашидов қомати келишган, юзларидан нур ёғилиб турадиган, салобатли,  авлиёсифат инсон эканлар. Ҳамма билан қўл бериб кўришганлар. Қўлларининг  илиқ  тафтини  ҳозиргача ҳис қилиб, гапириб юрамиз. Деҳқонлардан қишлоқ хўжалигини, аёллардан уй-рўзғор  шароитларини, биз ёшлардан — билим олишимиз, қандай китоблар ўқишимизни  батафсил  сўраганлар ва диққат билан эшитганлар. Шундан сўнг  қимматли  маслаҳатлар, тавсиялар берганлар.  Анча узоқ  давом этган суҳбатдан кейин  барчамизга энг яхши тилакларни тилаб,  самимий хайрлашганлар. Шароф Рашидов билан кўришганимиздан кейин биз ёшлар кўп йиллар фахрланиб, ифтихор туйғулари билан қанотли қушлардек учиб юриб яшаганмиз ва  тиришқоқлик билан ўқиганмиз. Ўша йилларда биз ёшлар Шароф Рашидовнинг «Ғолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин»,«Кашмир қўшиғи» каби  асарларини нихоятда катта қизиқиш билан ўқиб, ўзаро муҳокама ҳам қилиб улгурган эдик.

      Шундай қилиб, Шароф Рашидов, Ватанимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби,   қўшработликлар хотирасида  ҳам ўчмас из қолдирган улуғ сиймо, жамоат арбобидир.  У киши нурли, зиёли  раҳбар эдилар, юзларидаги  нурдан миллионлаб кўнгиллар баҳра оларди. Энг юқори маданиятли инсон эканликлари  муомалаларидан ва суҳбатларидан кўриниб турарди.

Тақдир тақозаси билан Тошкент шахрида олий ўқув юртида ўқиб юрганимизда даҳшатли зилзиланинг гувоҳи бўлдик. Институтни битираётган пайтда  эса зилзила туфайли вайрон бўлган пойтахтимиз  гуллаб-яшнаган, кўркам шаҳарга айланганининг ҳам гувоҳи бўлдик. Илм-фан ривожи  учун Академгородок, талабаларнинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган Талабалар шаҳарчаси, бир қанча йирик даҳалар, метро ва ҳакозо иншоотлар қурилди.

 Бу бунёдкорлик  ишларида  Шароф Рашидовнинг жасорати, мамлакатимиз  келажаги  учун беқиёс  ташкилотчилиги  намоён бўлди.

Институтни  имтиёзли тугатган битирувчилар қаторида  менга Ўзбекистон Фанлари академиясининг физиология институтига йўлланма беришди. Мамлакат раҳбари томонидан илмга, фанга ниҳоят даражада катта эътибор берилишини Академияга келиб чуқур ҳис қилдим.  Бироз ишлар юришиб кетгандан кейин, мени Ўзбекистон Фанлари академиясининг президенти, академик  Обид Содиқов чақириб, суҳбатлашиб Ленинграддаги (ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри, Россия) И.П.Павлов номидаги физиология  институтига  танлов асосида  йўлланма берилаётганлиги, илмий ишни ўша ерда академик А.М.Уголев раҳбарлигида  давом  эттиришимни, барча ташкилий масалалар  юқори даражада ҳал қилинганини  айтдилар. Алоҳида таъкидлаб, ёшларни  дунё  илмий  марказларига юборишни  мамлакат раҳбари  шахсан  Шароф Рашидов назоратга олгани ва биз ёшлар Ватанимизнинг ишончини оқлаб, уялтириб қўймаслигимизни қайта-қайта такрорлаб,  насиҳатлар қилиб, оқ  йўл тиладилар.

Ленинградга бориб мамлакатимиз раҳбари ниҳоятда  узоқни кўзлаб иш қилаётганининг гувоҳи бўлдик — фаннинг барча соҳалари бўйича, хилма-хил  мутахассисликларда, чет элларнинг нуфузли  олий ўқув юртлари  ва илмий-текшириш институтларида  Ўзбекистондан минглаб  стажёрлар, аспирантлар, докторантлар ва илмий ходимлар илмий ишларини давом эттираётганининг ўзимиз шоҳиди бўлдик.  Мана, сизга  Шароф Рашидовнинг илмга, фанга,  пировард натижада, келажакка эътиборлари!!!

Ленинградда илмий ишимиз жуда ҳам самарали бўлди. Муболағасиз, Ватанни, Юрт раҳбарини, Академияни, оилани, дўстларни  уялтириб қўймасдан 10 йил ичида номзодлик, докторлик диссертацияларини муваффақиятли  ёқлаб, юзлаб  илмий мақолалар, монографиялар, ихтиролар, қўлланмалар автори сифатида Ўзбекистонга келдик.

Изтироб

      Минг афсуслар бўлсинки, шу пайтга келиб Шароф Рашидов шахсига нисбатан  тош  отишлар  бошланган эди. Ҳар бир отилган тош бизнинг юрагимизга келиб тегарди... Чунки бизнинг авлод Рашидовни  чин қалбдан севарди, вужудимизда бу Улуғ зотга нисбатан нақадар беқиёс муҳаббат ва эҳтиром бор эди. Биз у кишини ҳалоллик, адолат ва порлоқ  келажак  рамзи деб  билардик.

Камина тақдир тақозаси билан ТашДУ (ҳозирги ЎзМУ) да декан, ўқув ишлари бўйича биринчи проректор лавозимларида  хизмат қилганимда, кўпчилик дўстларимнинг эҳтиёт бўлинг, деб огоҳлантиришига қарамасдан, Шароф Рашидовнинг самимий, дилкаш, юксак  инсоний фазилатлари акс этиб турган катта портрети кабинетимда  виқор  билан турар эди.  Шароф Рашидов бизнинг авлодга Ота каби улуғ Инсон бўлиб қолган эди. Ватанимиз, халқимизга фидоийлик билан хизмат қилган беназир инсон эди. Ватанимизнинг  халқ хўжалиги, илми, фани, маданияти тараққиётида у кишининг ўрни беқиёс.

Иш вақти тугагандан кейин Шароф Рашидов портретини кўриш учун жуда кўп инсонлар кабинетга келишар эди. Масалан,  таълим соҳасидаги устозимиз, мамлакатимиз олий таълими  ривожланишига, халқ хўжалиги учун олий маълумотли мутахассислар тарбиялаб етказишга катта ҳисса қўшган олим, ўқув тарбия ва илмий методик ишларнинг моҳир ташкилотчиси,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Полвон Бобоевич Азизов, академик  Ж.А.Мусаев, профессор Ғайбулло Саломов  ва бошқалар келишиб,  Шароф Рашидов ҳақида қизиқарли суҳбатлар қилишар эди. Улар бу улуғ зот билан учрашганлари ҳақида эсдаликлар, у кишининг бутун умри давомида қилган хайрли ишлари, одамлар манфаати йўлидаги қилган яхшиликлари ҳаётда ўчмас из қолдиргани ҳақида, бундай  бахтга эътиқодли, иймонли, пок  ниятли, кучли билим эгасигина  мушарраф бўлишини, олижаноб инсон эканлигини такрор-такрор таъкидлар эдилар.У кишининг  қалби дарё инсон эканлиги, қаерда бўлмасин атрофида ҳалол меҳнат, олийжаноблик, дўстлик, янги ғоялар, яратувчанлик  ҳукм суриши ҳақида мисоллар келтиришарди.

 Қуръони каримда “Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун охиратда чиройли оқибат — жаннат бордир” (Зумар, 10), дейилган. Шароф Рашидов фақат партия раҳбари ва жамоат арбоби эмас, балки  ёзувчи, донишманд  зиёли киши бўлганлиги учун ҳам республикада фан ва маданиятни ривожлантиришга  айниқса катта ҳисса қўшган,  халқ  дарди ва армони билан яшаган бағрикенг шахсдир. Ўз халқига садоқат билан хизмат қилиш намунасини кўрсатиб кетган Улуғ Инсоннинг жойлари жаннатда бўлсин.

Ишончимиз комилки,  Ўзбекистон деб аталмиш  бетакрор гўзал мамлакатимизнинг  ижтимоий, иқтисодий, маънавий ривожланишининг тамал тошини қўйган толмас бунёдкори, миллий тарихимизнинг тоғдай таянчи Шароф Рашидовнинг порлоқ хотираси мустақил юртимиз истиқболини доимо ёритиб туради.

Бугунги шиддатли ва шижоатли давр бизга  яқинда 100 йиллик таваллуд куни мамлакатимизда кенг нишонланадиган Шароф Рашидовдек тарихий шахсларга холисона баҳо бериш, тарихий адолатни тиклаш, инсоннинг қадр-қимматини, манфаатини  жойига қўя оладиган имконият берганлиги учун ҳам қадрлидир.

                                 Бакридин ЗАРИПОВ,

Академик , 

Нью-Йорк фанлари академияси академиги,

Жаҳон Физиологлар жамият академиги,

биология фанлари доктори, профессор.

(“Туркистон-пресс”).