2013-02-06 20:33:00

Ижтимоий инновация соҳасида ҳамкорлик

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва БМТ Тараққиёт Дастурининг юртимиздаги ваколатхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланганлиги муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Унда халқаро ташкилотлар вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари А.Эшматов, кутубхонанинг халқаро бўлими бошлиғи А.Жапаров, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги доимий вакили ўринбосари Я.Силлиерс, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳаси менежери Б.Аюповлар мамлакатимизда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, бўш вақтини унумли ва самарали ташкил қилиш борасида давлат, нодавлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.

Президентимиз ташаббуси билан 2011 йилда пойтахтимизда барпо этилган улуғвор маънавият маскани — “Маърифат маркази” ижтимоий ҳамкорликдаги фаолиятни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Марказдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мижозларга жаҳон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган. Мамлакатимиздаги энг нуфузли зиё масканларидан бири бўлган бу кутубхонада олти ярим миллион нусхадаги китоблар сақланади. Унинг электрон адабиётлар базаси ҳам тобора бойитиб борилмоқда. Ёшлага хизмат кўрсатаётган етти юз ўринли ўқув зали замонавий асбоб-ускуналар, Wi-Fi тизими билан жиҳозланган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси маъмурияти  китобхонлар маданиятини юксалтириш, фаолиятга инновацион технологияларни кенг жалб этиш мақсадида давлат ва халқаро ташкилотлар билан қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, миллий ахборот-кутубхона ҳафталиклари ва бошқа турли тадбирлар шулар жумласидандир. Ҳозирги вақтда кутубхонада БМТТД хонаси ва “Кўнгиллилик мунозаралар клуби” фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда китобхонлар БМТТД ва бошқа БМТ агентликларининг юртимиздаги фаолияти билан боғлиқ маълумотлар билан яқиндан танишиши мумкин.

— Лойиҳамизнинг асосий мақсади юртимизда илм-фан тараққиётига ҳисса қўшиш, ижтимоий инновациялар, яъни илмий янгилик ва ғоялар яратилишига имконият яратиб бериш, ижтимоий инновацияларни қўллаб-қувватлашдан иборат, — деди БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ижтимоий инновациялар ва кўнгиллилик” лойиҳаси менеджери Б.Аюпов. — Бизнинг ёшлар Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий ва бошқа оламшумул илмий кашфиётлар яратган буюк мутафаккир олимлар авлоди. Ишонамизки, улар орасидан ўз илмий салоҳияти, янги фикр ва ғоялари билан дунё тамаддуни ривожига ҳисса қўшадиган олимлар етишиб чиқади. БМТ билан бизнинг бир ягона мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, илм-фан ривожига қулай шароит яратиб беришдир.

Ўзаро англашув меморандумига биноан томонлар ҳамкорлигида кенг омма ва шу жумладан, имконияти чекланган инсонларга кутубхона имкониятларидан фойдаланиш, ахборот олишда АКТларни қўллаш ва ундан тўғри фойдаланиш, махсус тренингларни ташкил этиш, фаолиятга кўнгилли ёшларни кенг жалб қилиш, ижтимоий инновацияларни қўллаб-қувватлаш, илмий конференциялар, семинар ва суҳбатлар ташкил этиш, икки тарафлама фойдали лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари белгилаб олинди.

Тадбирда ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичларида амалга оширилиши кутилаётган янги тадбирлар, келгусидаги режалар ҳақида журналистларга муфассал ахборот берилди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”