2017-10-28 20:40:00

БОБУРШУНОС ОЛИМЛАРНИНГ ХАЛҚАРО АНЖУМАНИ

Андижонда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни” мавзусида халқаро анжуман ўтказилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида "Боғи Бобур" истироҳат боғи, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди фаолияти билан танишиб, бу ерни янада обод қилиш, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш ишлари кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, Бобур ижодий меросини тарғиб этиш бўйича Халқаро анжуман ўтказиш таклифини билдирган эди. Шу асосда ташкил этилган мазкур анжуманда давлат ва жамоат арбоблари, тарихчи олимлар, бобуршунослар, шоир-ёзувчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуманда истиқлол йилларида мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий мероси, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон илм-фани тараққиётига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимизни улуғлаш, улар қолдирган бебаҳо илмий мероснинг тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар қилинаётгани таъкидланди. Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.

– Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси ташкил этилганига 25 йил тўлди, – дейди Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. – Ўтган давр мобайнида Фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанимизга қайтариш ва илмий истеъмолга киритиш, заминимизда туғилиб, хорижда умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини ободонлаштиришга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакат бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар топилиб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига топширилди. Ҳозир музейда 500 дан зиёд ноёб қўлёзма асарлар, нодир китоблар, қимматли манбалар сақланмоқда. Жумладан, “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо – “Хатти Бобурий”да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, “Бобур куллиёти”нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда “Бобурнома”нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан ортиқ нусхаси жой олган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва Халқаро илмий экспедиция томонидан буюк аждодларимиз мангу қўним топган масканлар излаб топилди. Абу Али ибн Сино, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб сингари улуғ зотларнинг қабрлари зиёрат қилинди.

Афғонистоннинг Дашти Деҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасига келиб қолган мавлоно Лутфийнинг, Ҳирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг, Камолиддин Беҳзоднинг қабр-мақбаралари шарқона лойиҳалар асосида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Айниқса, жорий йилда бобуршунос олимлар томонидан “Бобур энциклопедияси”, "Заҳириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография" номли йирик китоблар чоп этилгани, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари” рукнида “Мубайян ва насрий баёни”, “Рисолаи Волидиййа” назмий таржимаси ва шарҳи” асарлари яратилгани, “Бобур ва дунё” журнали нашр этила бошлаганини алоҳида эътироф этиш ўринли.

Анжуманда Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Япония, Бангладеш, Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон каби кўплаб давлатлардан бобуршунос олимлар иштирок этмоқда.

– Ўзбекистонда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилганига ҳавас қилдим, – дейди Бангладеш Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннон. – Хусусан, илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг ўз аждодларини эъзозлашининг ёрқин намунасидир.

Тадбирда юртимиз ва хорижлик бобуршунос олимлар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти ва ижодининг илмий, бадиий, тарбиявий аҳамиятига бағишланган маърузалар тингланди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида яратган илмий асарлари ҳамда Бобур ва бобурийлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдаги улкан хизматлари учун россиялик олима Анна Дыбо, бобуршунослар Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, Шокирхон Рустамхўжаев, туркиялик бобуршунос олим Южел Билол Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди.

“Туркистон-пресс”.