2017-10-28 21:11:00

НАМАНГАНДА ХАЛҚАРО АНЖУМАН

Сир эмас, бугунги кунга келиб онкологик касалликлар жаҳон миқёсидаги глобал муаммолардан бирига айланди. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мазкур хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш масаласи ер юзидаги барча мамлакатлар тиббиётчи олимларини, шифокору мутахассисларини жиддий ташвишга солмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш” мавзуидаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун Наманганга келган онкология соҳаси етакчи мутахассислари икки кун мобайнида хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш ҳақида баҳс юритдилар, олиб борилаётган тадқиқотлар, изланишлар, тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашдилар. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари “Маҳорат дарси” сифатида намойиш этилди.

Илмий-амалий анжуман мундарижаси ғоят кенг бўлиб, унда нафақат мамлакатимиз, балки Европа ва Осиёнинг машҳур олимлари, хусусан Россия Федерацияси, Дания, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея мамлакатларининг етакчи клиникаларида илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган онкологик касалликлар бўйича етук мутахасислар илмий маърузалар ўқидилар. “Маҳорат дарслари”да эса улар кўп йиллик тажрибаларини амалда намоён этадилар. Жумладан, “Аёллар репродуктив тизими органларида ўсмаларнинг эпидемиологияси ва профилактикаси”, “Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларида скрининг ва эрта ташхислар усуллари”, “Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларида замонавий даволаш стандартлари”, “Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларини даволашда нур терапияси, кимё даволаш ва гармоно-терапиянинг замонавий принциплари”, “Умумий даволаш тармоғи шифокорларининг аёллар репродуктив органлари ўсма касалликларини аниқлашдаги ўрни” каби ўнлаб мавзуларда маърузалар тингланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Наманган вилоятида онкология хизмати ҳам намунали йўлга қўйилган. Истиқлол йилларида бу соҳа фаолиятини талаблар даражасида ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Диспансер учун янги бино қурилган. Бино икки йил муқаддам Инвестиция дастурига мувофиқ капитал реконструкция қилинган. Моддий-техник базасини ривожлантириш, даволаш ва диагностика ишларида янги техника ва технологияларни жорий қилиш, шифокорлар малакасини ва касбий маҳоратини оширишда ҳам ибрат олса арзигулик ютуқларга эришилмоқда.

Кўркам ва шинам, беморлар учун қулай шароитларга эга мазкур тиббиёт муассасаси энг замонавий технологияларни ўзида мужассам этган нуфузли марказга айланди. Ҳар йили янгидан-янги хорижий тиббиёт асбоб-ускуналари билан бойитилмоқда. Бинобарин, ўтган йили Хитой давлати гранти асосида маммография рақамли рентген-диагностика тизими, компьютер томографи, Германияда ишлаб чиқарилган юқори частотали элетрожарроҳлик коагулятори, Жанубий Кореяда тайёрланган кўчма рентген аппарати ва бошқа ускуналар ишга солинган бўлса, куни кеча Япониядан маммография олиб келинди. Анжуман доирасида ноёб қурилманинг фойдаланишга топширилиши маросимида Япония элчихонаси вакиллари иштирок этишди.

Бу соҳа фаолиятини янада тараққий эттиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Онкологиянинг долзарб мавзуларига бағишланган Наманган анжуманидан олинган таассуротлар, хорижлик ва пойтахтимиздан келган етакчи мутахассислар тавсиялари, таклиф ва мулоҳазалари асосида онкологик хизмат даражасини замон талаблари даражасига етказиш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, изланишлар изчил давом эттирилади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этилиши учун ҳали кўп иш қилиниши зарур.

Конференцияда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

“Туркистон-пресс”.