2017-10-28 21:21:00

МАҚСАД – СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ БИЛИМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти авж паллага кирди. Бу ўз-ўзидан хўжалик субъектлари кўпайиб боришини тақозо этади. Демакки, солиқ тўловчи кўпайдими, уларнинг ёзма ва оғзаки саволлари ҳам кўпаяди. Бу мурожаатларга жавоб бериш, солиқ ва молия ҳисоботларини тузишда ёрдам бериш, ташкилотлар молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш, солиқлар ва бошқа йиғимларни ҳисоблаш, тўлаш тартибини ўргатиш, ҳисоботларни электрон шаклда юборишни ташкил этиш, раҳбар ва ҳисобчилар учун курслар, семинарлар ташкил этишДавлат солиқ қўмитаси Республика ахборот-маслаҳат маркази, жумладан, ушбу марказнинг Наманган вилояти давлат корхонасининг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади.

Шунингдек, солиқ соҳасидаги қонунчилик, бу борадаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларни тушунтириш, валюта, экспорт-импорт, декларация талаблари бўйича фуқароларда кўникмалар ҳосил қилиш, солиқ қонунчилиги, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш учун таклиф-тавсиялар, назорат органларига солиқ тўловчининг қонунчиликка риоя этиши юзасидан маслаҳатлар бериш, судларда уларнинг қонуний манфаатларини ёқлаш каби функцияларни ҳам амалга ошириб борамиз.

Мухтасар айтганда, бўлинмамизнинг асосий мақсад-вазифаси солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу орқали иқтисодий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга ҳисса қўшишдан иборатдир.

2017 йилнинг тўққиз ойи давомидаги фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, бу даврда солиқ қонунчилиги юзасидан вилоят бўйича кенг аудиторияда катта семинар, шуунингдек, 47 та махсус тадбирларни ташкил қилдик. Унда 5 минг нафардан ортиқ солиқ тўловчи, 171 нафар солиқ тизими ходимлари иштирок этди. Солиқ қонунчилигига доир 6 минг дона қўлланма тайёрланиб, тарқатилди. Солиқ тўловчилар томонидан берилган 2.148 та саволга малакали ходимларимиз томонидан батафсил жавоблар берилди.

Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда коллеж битирувчилари учун ўтказилган семинарда эса, солиқ қонунчилиги бўйича ўзгартишлар чуқур тушунтирилди. Солиқ тўловчиларга ҳисоботларни электрон кўринишда топшириш жараёнларига кўмаклашилиб, вилоятимизда электрон ҳисобот топшириш шоҳобчалари очилди. 230 та юридик шахс ўз ҳисоботларини электрон кўринишда топширди.

Бир сўз билан айтганда, ўз фаолиятимизнинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш учун барча имкониятлардан самарали фойдаланмоқдамиз.

Мухторжон ҲАМИДОВ,

Давлат солиқ қўмитаси Республика ахборот-маслаҳат маркази Наманган

вилояти давлат корхонаси бошқарувчиси.

“Туркистон-пресс”.