2017-10-28 22:02:00

ҲАМКОРЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиши натижасида бугун мамлакатимиз яқин қўшнилари, ривожланган давлатлар ва нуфузли ташкилотлар билан самарали ва ишончли ҳамкорлик, дўстона алоқалар ўрнатмоқда. Президентимизнинг ташқи сиёсатда қисқа муддатда бундай оқилона ислоҳотларни амалга ошириши замирида, аввало, халқимизнинг тинчлик осойишталиги, давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш ва умуман халқаро жамоатчиликка Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий, маданий-маърифий салоҳияти, имкониятлари, тинчликсевар халқ эканлигини намойиш этувчи мақсад-вазифалар мужассам.

Айни пайтга қадар Президентимиз АҚШ, Россия, Хитой, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон каби давлатларда олий даражадаги давлат ташрифлари билан бўлиб, кўплаб устувор йўналишлар бўйича, аввало, сиёсий, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, тиббиёт, таълим ва илм-фан, маданият, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириб, юқори ва янги босқичга олиб чиқаётгани халқаро ҳамжамиятнинг ҳурмат-ишончини янада ошираётир.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган олий даражадаги ташриф жараёни ҳам кўплаб хорижий мамлакатлар матбуотининг диққат марказида бўлди. Бу, бежиз эмас, албатта. Боиси, мазкур олий даражадаги учрашувда икки қардош халқ етакчилари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида ҳамда минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан самимий мулоқот ва дўстона муносабатда бўлиши — нафақат бу икки давлат, балки бутун минтақа манфаатларига хизмат қилади. Учрашувда халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида билдирилган таклифлар юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Шунингдек, мамлакатларимизнинг БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича бир-бирига ўхшаш ёки яқин позицияда бўлаётгани, айниқса, Президентимизнинг БМТ Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини Туркия етакчиси ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани мақсадларимиз муштарак эканлигини кўрсатади.

Аслида аждодларининг қони бир томирга бориб туташадиган бу халқларнинг дини бир, урф-одат, қадриятлари ўхшаш. Шунингдек, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва бу икки қардош мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи ана шундай дўстона алоқаларнинг мантиқий давоми ва ёрқин намунаси бўлиб, тарих саҳифаларидан жой олди. Бу тарихий учрашувнинг аҳамияти шундаки, икки давлат ўртасидаги дўстлик, биродарлик муносабатлари билан бирга турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди.

Музокараларда ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди. Унга кўра, икки мамлакатда харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилишга келишиб олинди. Бу борада ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши назарда тутилмоқда. Эндиликда Ўзбекистон кенг турдаги саноат маҳсулотлари, трансформаторлар, кабель ўтказгичлар ва бошқа электротехника товарлари, полимерлар, мис ва мис маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ип-калава, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни Туркияга экспорт қила бошлайди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган учрашувда давлат раҳбарлари Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришгани, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мунтазам парвозлар сонини ошириш ва янги парвозларни йўлга қўйиш тарафдори эканликларини таъкидлашди. Шунингдек, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Туркия Республикаси фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга оид Қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор асосида тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга боришни истаган Туркия фуқаролари учун визалар тез ва осон тақдим этилади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳаси имкониятларидан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини амалга ошириш ва улкан иқтисодий фойда олишда муҳим аҳамият касб этади.

Юқорида қайд этилганидек, Туркия етакчиси Режеп Эрдўғон Имом Бухорий ва унинг муқаддас китоби ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг номи ҳеч қачон БМТ минбаридан туриб таъкидланмаган эди, — деб Президентимизнинг маърузасини алоҳида эътироф этди. Боиси, Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолаб келмоқда. Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда ташкил қилинаётган Ислом цивилизацияси марказлари нафақат халқимиз учун, балки турк халқи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Зеро, бу икки халқнинг буюк алломаларимизнинг маънавий ва маданий меросни биргаликда ўрганиши, уларнинг бебаҳо ижод манбасидан баҳраманд бўлиши халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга, урф-одат, қадриятларимиз янада юксалишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи давомида турли соҳаларда ўзаро икки томонлама манфаатли ҳамкорликда имзолаган шартномалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларга ҳамоҳанг тарзда мамлакатимизни янада тараққий топишига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, биз партия фаоллари Президентимизнинг Туркия Республикасига амалга оширган олий даражадаги ташрифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Усмон АБДУРАСУЛОВ,

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси етакчи мутахассиси.

“Туркистон-пресс”.