2017-11-01 06:26:00

ЮРТ КЕЛАЖАГИНИ ОБОД ҚИЛИШГА ИНТИЛГАНЛАР

Мамлакатимизда кейинги йилларда ёш авлод таълим-тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаётгани яхши маълум. Бугун ёшларнинг маънан етук, жисмонан соғлом камол топишлари учун юртимиздаги таълим даргоҳларида барча шароитлар яратилган. Айниқса, ўқув масканларида энг замонавий педагогик технологияларнинг таълим тизимига жорий этилгани ўқувчиларнинг янада чуқур билим эгаллашларида, ҳар жиҳатдан зукко бўлиб вояга етишларида муҳим омил бўлмоқда.

Чунончи, Фарғона вилоятидаги Бувайда тумани тиббиёт коллежида ҳам ёшларнинг чуқур билим олишлари, касб-ҳунар сирларини мукаммал эгаллашлари, иқтидорларини тўла намоён этишлари учун ҳамма қулайликлар мавжуд. Айни пайтда билим юртида ҳамширалик иши, даволаш иши, лаборатория-диагностика ва фармация йўналишларида 1104 нафар ўқувчи таҳсил олаётир. Уларга бу илм масканида 53 нафар малакали ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Ушбу коллеж замон талаблари асосида жиҳозланган, мустаҳкам моддий-техник базага эга. Ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун 2 та компьютер синфи, 2 та лингафон, кимё, физика, биология кабинетлари, шунингдек, махсус лаборатория хоналари мавжуд. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 22 минг 947 та китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш таълими ва амалиёти дарсларини мукаммал ўзлаштиришлари учун 12 та ўқув-амалиёт хоналари тўлиқ жиҳозланган.

Умуман, коллежда маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни, айникса, ўсмир қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмушга чиқишларининг олдини олиш борасида ҳам бир қанча самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, эрта турмушнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш, диний экстремизмга қарши курашиш мавзуларида кўплаб тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, оналик ва болалик муҳофазаси борасида, ёш бўла туриб, оила қуришнинг салбий жиҳатлари хусусида, оилада тиббий маданиятни ошириш, айниқса, соғлиқни мустаҳкамлаш тўғрисида мутахассислар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

— Бугунги кунда коллежимизда таълим самарадорлигини ошириш, сифат кўрсаткичларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди коллеж директори Нодир Жумабоев. — Ўқувчиларнинг назарий билимларидан ташқари, амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида тумандаги даволаш-профилактика муассасаларида 12 та амалиёт хоналари ташкил этилган. Бу эса ўқувчиларнинг иш амалиёти кўникмасини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Айтиш жоизки, коллеж жамоаси томонидан ўқувчи-ёшларнинг Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида турли кўрик-танловлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, ёшлар учун 53 турда тўгараклар ташкил этилган ва уларга барча ўқувчилар жалб қилинган. Албатта, бугун коллежда ёшларнинг ҳар қандай ташаббусларини рўёбга чиқариш учун уларнинг хоҳишларига, таълим ва тарбиясига, иқтидорларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон пресс”.