2017-11-01 07:07:00

ЎЗБЕКИСТОН – ҚОЗОҒИСТОН: ДИПЛОМАТИК МУНОСАБАТЛАР ЎРНАТИЛГАНЛИГИНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

Халқаро ҳамкорлик марказида 31 октябрь куни Ўзбекистон Қозоғистон: дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллигимавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тарихи, тили, диниваурф-одатиўхшашиккиқардошхалқнияхшиқўшничиликмуносабатларибоғлабтуради. Давлатларимиз раҳбарларининг мунтазамлик касб этган ўзаро учрашувларида имзоланган муҳим ҳужжатлар ва эришилган келишувлар ижтимоий-гуманитар, савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқаларни янги босқичда давом эттириш имконини бераётир. Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини кенг нишонлаш ҳам Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2017 йил 16-17 сентябрь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида имзоланган Қўшма баёнот асосида юқори савияда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, икки мамлакат нуфузли таҳлилий марказлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги ҳамда 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар асосида тараққий этмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро сиёсий майдонда, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича ўхшаш ёки яқин қарашларга эга. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро ташкилотлардаги иштироки давомида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Саидикром Ниёзхўжаев, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори Зарема Шаукенова, Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланаётганини таъкидлади. Тарихий аҳамиятга эга сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очгани қайд этилди. Мамлакатларимизнинг турли даражадаги ташкилот ва тузилмалари ўртасида ўзаро ташрифлар фаоллашгани кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларида янги саҳифа очилди. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатларимиз раҳбарлари бир неча бор учрашиб, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни янада ривожлантириш борасида келишиб олди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 16-17 сентябрь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи томонларнинг узоқ муддатли стратегик манфаатларини белгилаш, икки давлат олдида турган вазифаларни ҳамкорликда ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлар якдиллигининг ёрқин тасдиғи бўлди. Юқори даражадаги учрашувлар ҳукуматлар ва чегараолди ҳудудлари ўртасида ўзаро ташрифлар уюштириш, ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар соҳаларда манфаатли шерикликни ривожлантиришга имкон бермоқда.

Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳасидаги муҳим шерикларидан биридир. Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида қарийб 230 корхона фаолият кўрсатмоқда. Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда 130 дан зиёд корхона тузилган. Ўзбекистондан Қозоғистонга табиий газ, транспорт воситалари, автомобиллар, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш моллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, хизматлар экспорт қилинади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой каби маҳсулотлар импорт қилинади.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги транспорт коммуникация алоқалари, автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг қайта ишга туширилиши, Тошкент – Олмаота йўналишида тезюрар поезд ва икки мамлакат шаҳарларини боғловчи автобус қатновининг йўлга қўйилгани ҳудудлараро маданий-гуманитар алоқалар ривожи, савдо айланмаси ҳамда инвестициялар ҳажмининг сезиларли ошишини таъминламоқда.

Мазкур халқаро форум икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини чуқур ўрганган ҳолда савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг қарашларини таҳлил қилиш, зарур тавсиялар ишлаб чиқиш орқали келгусидаги ҳаракатлар стратегиясини белгилаб олишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Форумда қайд этилганидек, иқтисодий, гуманитар, савдо, сармоя соҳасида сезиларли натижаларга эришишда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим муҳим ўрин тутади. 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилди. Келгусида савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда.

– Дўстлик ва ҳамкорлик руҳидаги учрашувлар барча соҳада бўлгани каби парламентлараро муносабатларни сезиларли ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов. – Жорий йилнинг март ойида икки мамлакат парламентлари юқори палаталари ўртасида меморандум имзоланган эди. Мазкур ҳужжат асосида бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида қонун ижодкорлиги соҳасида амалий алоқалар йўлга қўйилмоқда. Халқаро анжуман ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли шерикликка доир лойиҳа ва дастурларни илгари суришдаги ташаббусларни муҳокама қилиш учун мулоқот майдони вазифасини ўтамоқда.

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида яқин қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётир, – дейди Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев. – Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини кўрсатади. Бугунги форум ўтган йиллар давомида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Анжуманнинг шўъба йиғилишларида сиёсат, иқтисодиёт, транспорт соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболлари, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларнинг давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашдаги роли каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, келгусида Ўзбекистон – Қозоғистон Экспертлар кенгашини ташкил этиш турли соҳаларда мунтазам фикр алмашиш ва ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш учун қулай платформа бўлиши таъкидланди.

Форум якуни бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди.

“Туркистон-пресс”.