2017-11-01 07:17:00

ЧОРТОҚДА – МАЪДАНЛИ СУВ ЗАВОДИ

Наманган вилоятида саноат салоҳияти кун сайин юксалиб бормоқда.Қишлоқ туманлари иқтисодиёт харитасида янги корхоналар сони тобора кўпайиб бораётгани диққатга сазовордир. Яқинда улар орасидан масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Chortoq Mineral Water” Ўзбекистон-Нидерландия қўшма корхонаси ҳам жой олди. Бугунги кунда мазкур заводда ишлаб чиқарилган маъданли сувни мамлакатимизнинг барча минтақаларидаги савдо марказларида учратиш мумкин. Бу маҳсулот ярим литрли чиройли шаклдаги шишада бўлгани учун харидорнинг кўзига дарров ташланишини айтиб ўтиш лозим. Дарвоқе, бундай идишларда маҳсулот мутахассисларнинг фикрига кўра, уч йилгача ўзининг шифобахш хусусиятларини йўқотмайди.

Бир пайтлар бу ерда минерал сув ишлаб чиқарадиган завод қурилганди. Аммо маълум муддат ўтгач, ундаги технология ва ускуналар ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан эскирди. Шундан сўнг ўз-ўзидан корхона ёпилиб кетди. Бироқ бу орада “Чортоқ” сувига эҳтиёж камайгани йўқ. Аксинча, шу номли санаторийга ташриф буюрадиган кишилар тобора кўпайиб бораверди. Шунинг учун ҳам мазкур корхонани қуриш ғояси туғилди. 

– Лойиҳамиз вилоят саноат салоҳиятини ошириш дастурига киритилгани учун бўлса керак, корхона қурилиши юқори суръатларда олиб борилди, – дейди “Chortoq Mineral Water” МЧЖ директори Алексей Тудаков. – Қурилиш майдончасига дастлабки қозиқ атиги бир ярим йил аввал қоқилган эди. Қисқа муддатда, саноқли ойлар ичида ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар тикланибгина қолмай, замонавий ускуналарни ўрнатишга ҳам улгуришди. Улар Жанубий Кореядаги таниқли фирма – JK Engineering Co томонидан тайёрланган ва ўзининг юқори унумдорлиги билан ажралиб туради. У соатига тўрт минг шиша маҳсулот чиқариш қувватига эга.

Қуйиш цехига етиб келгунга қадар ер остидан чиқадиган маъданли сув бир неча босқичда тозаланади. Дастлаб у зангламайдиган металлдан ясалган резервуарда тиндирилади ва совутилади. Сўнгра қатор бўғинларни ўз ичига олган фильтрлаш жараёни бошланади. Бу жараёнда кварц, фаоллаштирилган кўмир ва тозалашнинг катриж тизимидан фойдаланилади. Ультрабинафша нурлари ҳам қўлланилади. Шу йўл билан қаттиқ зарралар, микроорганизмлар ва бактериялар  бартараф этилади. Айни пайтда сувнинг таъмига таъм қўшилади.

Айни пайтда қўшма корхонада қирқ олти киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг ярмидан зиёди – маҳаллий касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларидир. Тез орада жамоада ишловчилар сони икки баравар ортади. Чунки иккинчи ва учинчи навбатда иш ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, келажакда шу ернинг ўзида шиша идишлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу ҳам албатта, янги иш ўринлари демакдир.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

“Туркистон-пресс”.