2017-11-01 07:27:00

ЯНГИ МАҲСУЛОТ ЎЗЛАШТИРИЛДИ

Ўтган йили фаолият бошлаган Қарши шаҳридаги "Qarshi best shoes" масъулияти чекланган жамияти асосан резина пойабзаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Аввалига корхонада енгил оёқ кийимлари – резина шиппаклар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, яқинда яна бир янги маҳсулот – қишки пойабзал ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Албатта, ишлаб чиқаришда мавжуд талаб ва эҳтиёжни эътиборга олиб иш ташкил этилгани юқори самара бераяпти.

– Табиийки, кунлар совий бошлаши билан ёзда кийишга мўлжалланган шиппаклар хариди камаяди, – дейди тадбиркор Бобурбек Сувонов. – Шу боис ишлаб чиқариш жараёнида узилиш рўй бериши мумкин эди. Фаолиятимиз барқарорлигини таъминлаш учун қишки оёқ кийими тайёрлашни бошлашга қарор қилдик. Бу пойабзал тури халқимизга азалдан маълум. Илгари хом теридан ишланган бўлса, ҳозирда биз буни резинадан тайёрлаяпмиз. Ихтиёримиздаги ускуналарни ҳам шунга мослаштирдик. Янги қолиплар олиб келдик. Айни пайтда деярли барча ёш тоифаси учун мавсумий пойабзалларни аҳолига таклиф этаяпмиз. Ҳар бир турдаги маҳсулот ўзига хос дизайн ва кўринишга эга. Иссиқ бўлиши учун пойабзал ичига жундан тайёрланган мато жойлаштирилади. Бу матоларни цехимизнинг ўзида тикишни ташкил этдик. Шу мақсадда 15 дона махсус тикув дастгоҳи сотиб олдик. Натижада қўшимча 20 га яқин янги иш ўрни яратилди. Бироз илгари маҳсулотимизни бозорга чиқаришни ҳам бошладик. Ушбу пойабзаллар харидорларга манзур бўлаётганидан хурсандмиз. Бугунги кунда бу оёқ кийимларга чет элдан ҳам талаб билдирилаяпти. Шунинг учун келгусида маҳсулотимизни экспортга йўналтиришни кўзлаб турибмиз.

“Туркистон-пресс”.