2017-11-01 15:15:00

“ЁШ ЛИБЕРАЛЛАР” КЛУБИ АЪЗОЛАРИ САФИ КЕНГАЙИБ БОРМОҚДА

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан кенгаш қошида ташкил этилган “Ёш Либераллар клуби” аъзолари сафи кун сайин кенгайиб, фаоллиги ортиб бормоқда.

Асосан олийгоҳлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларидан иборат клуб аъзолари ҳар ҳафта  вилоят кенгаши мажлислар зали ва воҳанинг шаҳар ва туманларида  тадбирлар ташкил этиб, ёшлар ўртасида партиянинг дастурий мақсадларини кенг тарғиб қилмоқдалар. Мазкур клубнинг навбатдаги тадбирида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида ёшлар фаоллигини ошириш, ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда дахлдорлик туйғусини юксалтириш, келажакда депутат бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёш йигит-қизларимизда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш “Ёш либераллар” клубининг асосий мақсади эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Учрашувда бўлим фаоллари томонидан иштирокчиларга “O‘zLiDePда ёшлар куни” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”