2017-11-01 16:06:00

САМАРҚАНДДАН ИСТАНБУЛГА ҲАВО ҚАТНОВИ ИЛК БОР АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Жорий йилнинг 30 октябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “Самарқанд – Истанбул – Самарқанд” йўналиши бўйича мунтазам ҳаво қатнови илк бор амалга оширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Самарқанд халқаро аэропортида шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бошқарма бошлиғи Н.Аюпов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомида мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, жумладан, фуқаро авиацияси бўйича ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш борасида муҳим келишувларга эришилганини алоҳида таъкидлади. 

Самарқанддан Истанбулга тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг йўлга қўйилгани ушбу келишувларнинг амалий натижаси сифатида икки мамлакат фуқароларига қулайликлар яратиш, давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Ушбу йўналишдаги парвозлар ҳозирча ҳафтанинг душанба кунида амалга оширилмоқда. Шу йил 16 ноябрдан бошлаб эса пайшанба кунлари ҳам бунга қўшилади. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси янги йўналишда йўловчиларга “Airbus А320” ва “Boeing 757” замонавий ҳаво лайнерлари орқали хизмат кўрсатади. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг саҳнида 180 га яқин йўловчи бўлган “Boeing 757” ҳаво кемаси Самарқанд халқаро аэропортидан Истанбул томон парвозини бошлади ва бу кун миллий авикомпаниямиз тарихидаги муҳим саналардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз. 

 “Туркистон-пресс”