2017-11-01 16:20:00

ЎЗБЕКИСТОН “DOING BUSINESS” РЕЙТИНГИДА 13 ПОҒОНА ЮҚОРИЛАДИ

Ўзбекистон Жаҳон банки Гуруҳининг тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича «Бизнесни юритиш-2018» (Doing Business 2018) рейтингида учинчи бор дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторидан ўрин олди.

Жорий йилги мавзуси «Иш ўринларини яратиш учун ислоҳотлар қилиш» бўлган янги ҳисоботда Ўзбекистон ўтган йилги 87-ўриндан 13 поғона юқорилаб, 74-ўринни банд этди.

Рейтинг тузувчилари мамлакат рейтингини яхшилашга хизмат қилувчи бизнес соҳасидаги бешта ислоҳотни қайд этишади. Улар бизнесни рўйхатга олиш, қурилиш учун рухсатнома олиш, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш, солиққа тортиш ва электр таъминоти тизимига уланиш соҳаларидаги ўзгаришларни баҳолайди.

ЖБнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук чоршанба куни Тошкентдаўтказилгантақдимот ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда ислоҳотларни амалга ошириш мақсадидаги ишончли чораларини таъкидлаб ўтди. У тадбиркорлар ҳамон қийинчиликларга дуч келаётган вилоятларда ислоҳотларни давом эттириши лозимлигини қайд этди.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини рўйхатга олиш учун янги платформа ишга туширилиши шарофати билан бизнесни бошлаш осонлашди, бунда жараёнлар 4 тадан 3 тага камайтирилди. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон глобал рейтингда 11-ўринни эгаллайди.

Глобал рейтингда  Янги Зеландия биринчи ўринни эгаллаган, кейинги поғоналарда эса Сингапур, Дания, Корея Республикаси, Гонгконг (Хитой), АҚШ, Буюк Британия, Норвегия, Грузия ва Швеция бормоқда.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”