2017-11-01 16:00:00

ОҒИР АТЛЕТИКАЧИЛАРИМИЗ МУВАФФАҚИЯТЛАРИ

Жанубий Кореянинг Янггу шаҳрида оғир атлетика бўйича Осиё Кубоги ҳамда клублар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Кеча хотин-қизлар ўртасида 63 ҳамда 69 кг. вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилди. 63 кг. вазн тоифасида чиқиш қилган ҳамюртимиз Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришда 87 кг, силтаб кўтаришда 114 кг, умумий 201 кг. натижаси билан биринчи ўринни эгаллади ва терма жамоамиз ҳисобига Осиё кубогидаги учинчи олтин медални қўшиб қўйди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, 69 кг. вазн тоифасида иштирок этган Турсуной Жабборова эса 91+108=199 кг. натижаси билан кумуш медалини қўлга киритди. Эътиборлиси, кеча олтин ва кумуш медалларига эга чиққан ҳар иккала қизимиз ҳам 2002 йилда таваллуд топишган, яъни келаси йили Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларида иштирок этиш имкониятига эгалар. 

Эркаклар ўртасида 85 кг. вазн тоифасида беллашувларда иштирок этган терма жамоамизнинг икки нафар аъзоси ғолиблик учун кураш олиб борди. Суннатилла Ўсаров даст кўтаришда 158 кг, силтаб кўтаришда 186 кг, умумий суммада 344 кг. натижа билан мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. Ушбу вазн тоифасида бронза медали ҳам ўзбекистонлик атлетга насиб этди. Файзулло Набиев 148+189=337 кг. натижаси билан учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

Шу тариқа мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳозирча 3 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга бўлишди: 

Муаттар Набиева - олтин 

Сарвар Тоштемиров - олтин 

Кумушхон Файзуллаева - олтин 

Муҳаммадали Қаҳрамонов - кумуш 

Турсуной Жабборова - кумуш 

Суннатилла Ўсаров - кумуш 

Файзулло Набиев - бронза 

Маҳлиё Тоғаева – бронза.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”