2017-11-01 16:22:00

ЖАҲОН ФУТБОЛИ АФСОНАСИ КАРЛЕС ПУЙОЛЬ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРАДИ

Жаҳон футболи афсонаси, “Барселона” клубининг собиқ ҳимоячиси, Испания терма жамоаси таркибида Европа ва Жаҳон чемпиони деган юксак номларга   сазовор бўлган   Карлес Пуйоль жорий йилнинг 9 ноябрь куни Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашганди.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси футбол тарғиботини кучайтириш мақсадида ФИФАдан дунё футболининг ёрқин афсоналари ва бугуни кун юлдузларини Ўзбекистондаги ёш футболчиларга маҳорта сабоқлари ўтаб бериши учун таклиф қилишда ФИФАнинг амалий ёрдам беришини сўраганди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино ўша учрашув давомида Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан мамлакатда футбол ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, жаҳон футболи юлдузларини Ўзбекистонга юборишда амалий ёрдам беришни ваъда қилганди.

Пуйолнинг мамлакатимизга ташрифи шахсан ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан уюштирилаётган бўлиб, бу орқали ФИФА раҳбари юртимизда футболни янада ривожлантириш мақсадида федерация томонидан амалга оширилаётган катта ҳажмдаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва  футболнинг оммавийлигини оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Карлес Пуйоль ташрифи давомида юртимиздаги футбол академиялари ва болалар футбол мактаблари билан яқиндан танишади ҳамда у ерда футбол сир-асрорларини ўрганаётган ёш футболчилар учун маҳорат сабоқлари ўтказиб беради.

Шунингдек, жаҳон футболи афсонаси ўзбек футболи билан яқиндан танишиш мақсадида Олий лига 28-тур доирасида бўлиб ўтадиган “Пахтакор” ва “Олмалиқ” жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳам бевосита “Пахтакор” стадионидан туриб томоша қилиб бориши режалаштирилган.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”