2017-11-01 19:09:00

ДОРИ-ДАРМОН ТАЪМИНОТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди.

Унга кўра, ижтимоий аҳамиятли дорилар импорти – тендер ва квоталарсиз амалга ошириладиган бўлди. Авваллари белгиланган нархлар бўйича сотиладиган ижтимоий аҳамиятли дорилар ва тиббий маҳсулотлар импорти Ташқи савдо вазирлиги томонидан маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана савдо компаниялари ўртасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланадиган квоталар чегарасида ўтказиладиган тендер бўйича амалга оширилар эди.

Фармонга кўра, эндиликда тендер ўрнига Ташқи савдо вазирлиги ҳар чоракда фақат жаҳон нархлари конъюнктураси таҳлилини ўтказади ва махсус Республика комиссиясига ижтимоий аҳамиятли дорилар ва тиббиёт буюмларининг охирги йўл қўйиладиган импорт шартнома қиймати бўйича таклифлар киритади.

Таклифларни Ташқи савдо, Иқтисодиёт, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Марказий банк ва Давлат рақобат қўмитасининг вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Ишчи гуруҳ ҳисоб-китоби асосида Республика комиссияси импорт шартномалари бўйича охирги йўл қўйиладиган қийматларни белгилайди.

Бундан ташқари, мазкур тоифадаги товарларни фақат маҳаллий улгуржи ва улгуржи-чакана савдо компаниялари томонидан импорт етказиб берилиши тўғрисидаги талаблар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан квоталаш тақиқланди.

Бунда дорихоналарда нарх белгилаш устидан назорат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Назорат инспекциясидан соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ҳудудий органларига топширилган.

Рўйхатга киритилган импорт қилинган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари аввалгидек, ихтисослаштирилган улгуржи ташкилотлар ва дорихоналар томонидан белгиланган улгуржи ва чакана нархларда сотилади.

“Туркистон-пресс”.