2017-11-01 21:21:00

КОСОНСОЙДА МУҲИМ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Косонсой туманида “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Бу ерда фармацевтика тармоғини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари асосида юқори сифатли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини ошириш имкониятини янада кенгайтиради.

Шу мақсадда “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун 32 гектар ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш плантациялари учун 100 гектар ер майдони ажратилди.

Айни вақтда зона ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Ҳудудни табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 3 километр масофадан газ ва электр тармоғини тортиш, трансформаторни янгилашга 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, бу ишлар якунланди.

2019 йилга қадар мавжуд сув қудуғини реконструкция қилиш, янги қудуқ қазиш, бир километрдан зиёд ичимлик суви ҳамда 2,5 километр оқова сув, 10 километрдан зиёд оптик толали алоқа тармоғини тортиш, келгуси йилда 3 километр йўлни таъмирлаш ва қуриш каби 2 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида 22,3 миллион долларлик еттита лойиҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2019 йил “Kasansay Biopharm” хорижий корхонаси (Ҳиндистон) томонидан дори воситалари учун хомашё, “Мед диагноз фарм” масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббий ускуналар, тиббий лаборатория диагностикумлари ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, “Даво” хусусий корхонасида тиббиёт қўлқопи, тиббиётда фойдаланиладиган пахта ҳамда доривор воситаларни қуритиш лойиҳаларини ишга тушириш мўлжалланган. Шунингдек, 2019 йилнинг биринчи чорагида “Саломатлик Диёр Келажак сари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2018-2021 йилларга мўлжалланган анальгин, димедрол, парацетамол, диазолин, В12 витамини, рибоксин каби 60 дан ортиқ турдаги дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича уч босқичли лойиҳанинг биринчи босқичи, “Тад мед фарм” масъулияти чекланган жамиятининг 2018-2020 йилларда 120 турдаги дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси дастлабки босқичлари ҳам ишга туширилади.

“Спринг Фармацевтик” масъулияти чекланган жамияти эса 2018 йилдан 100 турдаги дори воситасини ишлаб чиқара бошлайди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”.