2017-11-01 23:33:00

ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташаббуси билан "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишда ЎзННТМАнинг роли” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Мазкур ташкилот томонидан иштирокчиларга давлат дастури ижроси бўйича ННТлар норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг шакл ва механизмларини кучайтириш, молиявий, ташкилий-ҳуқуқий, ахборот-услубий ва маслаҳат кўмагини кўрсатиш, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларнинг филиаллари ва ваколатхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби масалаларда амалий натижаларга эришаётгани ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, Ассоциация 575 та нодавлат нотижорат ташкилоти саъй-ҳаракатларини ўзида бирлаштирган йирик фуқаролик жамияти институтидир. ЎзННТМА турли комиссиялар ва эксперт гуруҳларидаги иштироки орқали ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлар, айниқса, ногиронлар жамоат ташкилотларига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ ишларни амалга ошириб келмоқда. Айни вақтда “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси бўйича ассоциация томонидан жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатлик ва жисмоний тарбия каби масалалар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг олис ҳудудларида яшаётган инсонларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва муқобил энергия манбаларини жорий этишга кўмаклашиш бўйича тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат гранти танловларининг эълон қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотлари сафининг кенгайишида муҳим омил бўлаётир. Жумладан, фонднинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТлар фаол иштирокини таъминлаш” мавзуидаги биринчи давлат гранти танлови якуни бўйича 51 та нодавлат нотижорат ташкилоти ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, Ассоциация томонидан “Халқ фаровонлиги йўлида – биргамиз!” шиори остида кичик грантлар танлови ҳам ўтказилди. Бунда 64 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа кўриб чиқилиб, улар орасидан 18 таси ғолиб, деб топилди. Уларга ажратилаётган маблағларининг умумий қиймати 90 миллион сўмни ташкил этди.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тадбир ташкилотчиларидан батафсил жавоблар олишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”.