2017-11-02 17:07:00

САМАРҚАНД ЯНА БИР ХАЛҚАРО АНЖУМАНГА ТАЙЁРГАЛИК КЎРМОҚДА

Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ҳамда тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур нуфузли анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил сентябрда Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган ғоялар — бугунги даврнинг энг долзарб мавзулари, юртимизда кечаётган ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар таълим-тарбияси, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология сингари муҳим масалалар дунё жамоатчилиги вакиллари, халқаро экспертлар муҳокамасида бўлади.

Айни пайтда кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида бу анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

— Юртбошимизнинг анжуманни юқори савияда ташкил этиш ва уни ўтказишга доир фармойишига мувофиқ кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда, — дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Раҳматуллаев. — Шаҳримиздаги «Зилол бахт” меҳмонхонасида анжуманнинг бош штаби ташкил этилди. Самарқанд халқаро аэропорти, темирйўл вокзали, “Регистон Плаза” меҳмонхонаси, Самарқанд давлат чет тиллар институтида меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш, гид-таржимонлик ва бошқа хизматларни кўрсатувчи штаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Иштироки кутилаётган 250 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари, халқаро экспертлар, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига сифатли, замонавий сервис хизматларини кўрсатиш мақсадида шаҳарнинг еттита меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилди.

Иштирокчиларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳатини уюштириш мақсадида олтита йўналиш белгиланиб, уларга ҳамроҳлик қилувчи масъуллар бириктирилди, 15 та ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Шунингдек, шаҳар кўчалари, зиёратгоҳларда кенг кўламда ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган фаол минтақавий сиёсат, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифа” эканлиги намунаси сифатида ушбу конференцияни юқори савияда ўтказишга Самарқандда ҳар жиҳатдан муносиб тайёргарлик кўрилмоқда.

“Туркистон-пресс”