2017-11-02 18:08:00

ҚУЛАЙ ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИ — СЕНАТ ЭЪТИБОРИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан давра суҳбати ўтказилди. Унда мамлакат иқтисодиётини янада диверсификация қилиш ҳамда унинг рақобатдошлигини мустаҳкамлаш чоралари муҳокама этилди. Тадбирда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ходимлари, олимлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, журналистлар қатнашди. Бу ҳақида Сенатнинг Ахборот хизмати маълумот бермоқда.

Таъкидланганидек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, хусусий сектор ривожини издан чиқарадиган бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари ижрога йўналтирилди. Жумладан, Президентимизнинг шу йил 8 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ҳам ана шу мақсадларга йўғрилган бўлиб, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга, инвестицияларни жалб этиш имкониятини оширишга хизмат қилади.

Тадбирда идоралараро комиссиялар томонидан ўтказилган хатлов натижасида хусусийлаштирилган ҳамда бўш турган 3 минг 889 та корхона ва объект аниқлангани, уларнинг 2 минг 701 таси бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди. Мазкур лойиҳаларга биноан, 2017-2018 йиллар давомида 2 триллион 572,7 миллиард сўм миқдорида инвестициялар киритилиши назарда тутилган.

Олиб борилган мониторинг жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатимиз иқтисодиётига 490,4 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилгани ҳамда 4 ярим мингдан зиёд иш ўринлари яратилганини кўрсатди. Тижорат банклари томонидан кредитлар асосида 86 та инвестиция лойиҳаси молиялаштирилди, 405 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди.

Шунингдек, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва диверсификациялаш бўйича инвестиция дастурларини 2020 йилгача амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда.

Муҳокама чоғида соҳада мавжуд айрим муаммо ҳамда ечимини кутаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Якка тартибдаги имтиёзлар, преференциялар ва устуворликларнинг асоссиз тарзда берилиши соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга тўсқинлик қилиши қайд этилди. Иштирокчиларнинг фикрича, барча тадбиркорга бир хил имтиёз ҳамда преференциялар тақдим қилиш орқали уларга тенг шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарур. Шунингдек, республика иқтисодиётининг рақобатдошлигини мустаҳкамлашга қаратилган бозор механизмлари жорий этилишини кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш кўламини ошириш мақсадида бу йўналишдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ҳам ғоят муҳим масалалардандир.

Муҳокама якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

“Туркистон-пресс”.