2017-11-02 18:18:00

“МИКРОКРЕДИТБАНК” ТАДБИРКОРЛАРГА ЯНА БИР ИМКОНИЯТ ЯРАТМОҚДА

“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокида “Ўзбекистонда сутни қайта ишлаш тармоғида қўшилган қиймат тизимини ривожлантириш” лойиҳаси ҳисобидан тадбиркорларга сутни қайта ишлаш тармоғи билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ажратилмоқда. Бу тўғрисида Банк Ахборот хизмати маълум қилди.

Маблағлар қуйидаги мақсадларга ажратилади:

– Қорамол, сутни соғиб олувчи ихчам (портатив) ускуна ва шунга ўхшаш технологиялар сотиб олиш учун деҳқон хўжаликларига 10.000 АҚШ долларигача;

– сутни соғиб олиш ускунаси, сут ва сут маҳсулотларини ташишга мўлжалланган махсус техникалар, наслли қорамол, озуқа ва ем-хашак ишлаб чиқарувчи, йиғиб олувчи ва қайта ишловчи техника ва ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига 100.000 АҚШ долларигача;

– хусусий ветеринария хизматларини ташкил этиш учун, ветеринария жиҳозлари ва дори-дармонларини сотиб олиш учун, ем-хашак тайёрлаш технологиялари учун 10.000 АҚШ долларидан 100.000 АҚШ долларигача;

– сут маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш, сут йиғувчи марказлар ташкил этиш ва янги технологиялар билан таъминлаш, айланма маблағни тўлдириш ва бошқа шу соҳага тегишли лойиҳалар учун 250.000 АҚШ долларигача;

Лойиҳа ҳисобидан кредитлар Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида сутни қайта ишлаш соҳасида фаолият юритувчи (рўйхатдан ўтган) тадбиркорларга ажратилади.

“Туркистон-пресс”.