2017-11-02 19:19:00

НАМАНГАН ШАҲРИДА КАМЕРАЛАР ИШГА ТУШДИ

Наманган шаҳридаги чорраҳаларга ўрнатилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи видеокузатув камералари кеча, 1 ноябрдан эътиборан расман ишга туширилди. Бу тўғрисида Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилмоқда.

«Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида шаҳар ҳудудидаги 6 та асосий кўчадаги чорраҳаларга автоматлаштирилган замонавий видео ва фото қайд этиш камералари ўрнатилди.

Мазкур камералардан чорраҳаларда светофор ишоралари, бўлакларга ажратувчи ва тўхташ чизиқлари, тезлик меъёрларига амал қилмаслик, транспорт оқимига қарама-қарши ҳаракатланиш ва авария ҳолатларини келтириб чиқариш каби йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш баробарида жамоат тартибини сақлаш, содир этилган жиноятларни фош этишда ҳам фойдаланилади.

Қоидабузарликлар бўйича тегишли чоралар кўришни такомиллаштириш учун «Маъмурий амалиёт» электрон тизими фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ушбу тизимда қоидабузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилмасдан жарима солиш тўғрисидаги қарор материаллар илова қилинган ҳолда почта орқали транспорт воситаси эгасининг яшаш манзилига юборилади.

Жаримани бу ҳақдаги қарор чиқарилган санадан бошлаб 60 кун мобайнида тўлаш лозим. Жарима муддатида тўланмаган тақдирда транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига тортилади.

Жасурбек АБДУРАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”.