2017-11-02 19:29:00

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ КОРХОНА РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

“Китоб ип йигирув” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш технологияларининг эскирганлиги, эскича ёндашув асосида тайёрланадиган маҳсулотининг бозор рақобатига дош бермаслиги сабабли бир муддат самарасиз ишлади, ҳатто кейинчалик фаолияти ҳам тўхтаб қолган эди.

Ўтган йили корхона ишлаб чиқариш майдонлари тўлиқ қайта реконструкция қилиниб, тижорат банки кредити эвазига Германиядан замонавий йигирув ускуналари олиб келиб ўрнатилди.

Натижада корхонанинг йиллик қуввати 2500 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга етди. Субъектда ҳудуддаги 180 нафарга яқин ёшлар иш билан таъминланди. Энди бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар сифат борасида жаҳоннинг исталган бозорида рақобатга кириша олади. Айни вақтда Россия, Туркия, Буюк Британиянинг йирик корхоналари “Китоб ип йигирув” акциядорлик жамияти билан маҳсулот харид қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган.

– Модернизация ишларидан сўнг корхонамиз технологик жиҳатдан жуда катта имкониятга эга бўлди, – дейди бош муҳандис Аъзам Мирзаев. – Масалан, айни пайтда россиялик ҳамкорларимиз пахта ва полиэтилен толалари аралашмаси асосида тайёрланадиган ип-калаваларга талаб билдиришяпти. Биз улар истаганидек қилиб, 70 фоиз пахта ва 30 фоиз синтетик тола аралашмасидан маҳсулот тайёрлаб бераяпмиз.

2017 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 12 миллиард 204 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 1 миллион 903 минг 500 АҚШ долларилик маҳсулот экспортини амалга оширган корхона жамоаси эндиликда янада янги марраларни кўзламоқда.

“Китоб ип йигирув” акциядорлик жамиятига жорий йилда 763 млн. сўмлик солиқ имтиёзлари берилди. Имтиёзлар, ўз навбатида, фаолиятни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш суратини оширишга хизмат қилмоқда.

Айни вақтда корхонада модернизация ишларининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда, деб хабар беради Давлат Солиқ қўмитасининг Ахборот хизмати. Бунинг учун лойиҳа доирасида 8 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариб бўлинди. Жорий йилда Швейцариянинг “Риэтер” компанияси билан имзоланган шартномага асосан, замонавий йигирув технологиялари олиб келинмоқда.

Аҳамиятли томони, ушбу лойиҳа босқичида ишлар тўлиқ амалга оширилгач, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 минг тонна пахта толасини қайта ишлашга етади, 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.