2017-11-02 19:59:00

"ЎЗАГРОСУҒУРТА" МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗДИ

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамияти томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда мутахассислар томонидан жамият тизимида суғурта даъволарини кўриб чиқиш ишларини такомиллаштириш, мижозларга етказилган зарарни белгиланган муддатларда тўлаб беришни таъминлаш доимий диққат марказида экани алоҳида эътироф этилди. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойида 15 минг 472 та ариза бўйича 82 миллиард сўмлик суғурта тўловлари амалга оширилган.

Аҳолининг суғурта хизматлари, суғурта товони олиш тартиби ва рад этилиши борасидаги билимлари ошиб бораётгани, шунга қарамасдан, айрим ҳолларда кеч мурожаат қилингани боис зарар миқдори ва ҳодиса сабабларини тўлалигича аниқлаш имкони бўлмаётгани, натижада бундай даъволар рад этилаётгани "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан айтиб ўтилди.

Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, жисмоний ва юридик шахслар билан қарийб 2 миллионта суғурта шартномаси тузилган, суғурта мукофотлари тушуми 105,8 миллиард сўмни ташкил этган. Аҳолига кўрсатилаётган суғурта хизматлари кўламини кенгайтириш мақсадида имтиёзли суғурта тарифларини қўллаган ҳолда акциялар ташкил этилмоқда. "Ёнғиндан сақланинг" деб номланган акция доирасида "Бунёдкор", "Тежамкор", "Тадбиркор", "Манфаатдор" каби суғурта полислари ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги Қарорига мувофиқ, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида паррандачилик маҳсулотлари, лимон, унаби, ёнғоқ етиштириш ва иссиқхоналар ташкил этиш учун тижорат банклари ажратаётган кредитларни суғурта қилиш учун 956 та суғурта шартномаси тузилиб, имтиёзли 1 фоиз тариф ставкаси белгилангани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Анжуманда "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида ҳам иштирокчиларга зарур маълумотлар берилди, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 “Туркистон-пресс”.