2017-11-02 20:10:00

ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИ – МИЛЛАТ МАСАЛАСИ

Наманган вилоятиўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ташаббуси билан Наманган муҳандислик қурилиш институти қошидаги «Дўстлик» академик лицейида «Қиз бола - бўлғуси оила бекаси, келажак авлод тарбиячисидир» мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларида таҳсил олаётган фаол қизлар, ижодкор ёшлар, «Ораста қизлар» тўгараклари раҳбарлари ва аъзолари иштирок этишди.

Қизларда эстетик дид, яъни кийиниш, одоб-ахлоқ ва нутқ маданиятини оширишга қаратилган мазкур маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққанларбугун айрим қизлар ўртасида кийиниш, юриш-туриш, муомала маданияти борасида учраётган нуқсонлар ҳақида гапириб, таълим муассасаларида ўқувчи формасига амал қилиш таълим самарадорлигига, ўқувчи саломатлигига, маънавий дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатишини илмий мисоллар билан изоҳлаб беришди.

Давра суҳбатида иштирок этган фаол ўқувчи-қизлар либос танлашда миллийликни унутиб қўяётган тенгдошларининг оилада бу масалада етарли тушунча ва тарбия олмаганликлари, бу тоифа билан руҳшунослар кўпроқ иш олиб бориши зарурлиги, «Ораста қизлар» тўгараклари фаолиятини кучайтириш лозимлигини таъкидлашди.

– Шифокорларнинг таъкидлашларича, тор кийим инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда қон айланиши тизимининг издан чиқишига сабаб бўлади, – дейди «Дўстлик» академик лиицейи ўқувчиси Шаҳзода Ғуломжонова. – Миллий либосларимиз асосан пахта ва ипак матолардан тикилган. Бу матолар нафақат чиройли, балки табиийлиги боис соғлик учун безарар. Шунинг учун ҳар бир қиз ибо-ҳаёсини, соғлиғини ўйлаган ҳолда кийиниш маданиятига амал қилиши мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, либос – инсон учун зийнат. Унда шахснинг диди, маънавий олами, миллий қадриятларга бўлган муносабати акс этади. Қолаверса, кийиниш маданияти аввало оилада шаклланади. Шу билан бирга,таълим маскани ва маҳалла, жамоатчиликнинг ҳам таъсири катта. Демак, қизларимизда кийиниш, одоб-ахлоқ ва нуқт маданиятини ривожлантириш барчамизнинг вазифамиз. Бу борада ташаббускорлик, фаоллик билан ҳаракат қилсак, юксак маънавиятли авлодни камолга етказишдек муддаомизга албатта, етамиз.

Маълумот учун: Бугун Наманган вилоятидафаолият кўрсатаётган 117 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги даргоҳларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг 42 минг нафарини айнан қизлар ташкил этади.

Жасурбек АБДУРАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”.