2017-11-03 17:37:00

МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ САМАРАДОРЛИГИ ЙЎЛИДА

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан жорий йилнинг 2 ноябрь куни “Ёшлар пресс-клуби”да “Маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштиришнинг илмий-амалий масалалари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Конференцияда маънавият ва маърифат соҳаси бўйича етакчи мутахассислар, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Конференция сессияларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги Қароридан сўнг ўтган 100 кун давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Марказ маънавий-маърифий тарғибот ишларининг самарадорлик даражасини янада ошириш, жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакат фуқаролари, аввало ёшлар қалбида Ватан ва миллат тақдири учун дахлдорлик, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитет ҳиссини кучайтириш юзасидан илмий, амалий, ташкилий ишларни амалга оширди. Марказ томонидан 200 дан ортиқ тадбирлар, Республика телевидение ва радиоканалларида 60 га яқин телекўрсатув ва радио эшиттиришлардаги чиқишлар уюштирилди. Марказ ходимлари томонидан 100 га яқин мақолалар чоп этилди ва 10 дан зиёд илмий-амалий рисолалар тайёрланди. Ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди. Бугунги кунда Марказ қатор янги ғоялар устида иш олиб бормоқда.

Тарғибот ишларига тизимли, изчил ва янги услубларни жорий этиш мақсадида Марказда олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташкил этилди.

Конференция “Республикада маънавий-маърифий ишлар ҳолати ва истиқболдаги стратегик вазифалар”, “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни такомиллаштиришнинг самарали усуллари”, “Маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини оширишнинг долзарб вазифалари ва унинг ечимлари” каби илмий йўналишларда иш олиб борди. Шунингдек, таълим тизимида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича янгича ёндашувлар, услуб ва усуллар, механизмлар ҳақида кенг мулоҳазалар юритилди.

Айниқса, “Ҳудудларнинг маънавий муҳит харитаси” ҳақидаги маъруза иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Харита янги технологиялар асосида ишлаб чиқилиб, ҳудудларда ўтказилган тажриба синов натижалари асосида тузилган. Ҳозирда бу технология барча ҳудудларга жорий этилмоқда.

Конференция қизғин баҳс мунозараларга бой бўлди. Иштирокчи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

“Туркистон-пресс”