2017-11-03 18:08:00

ОҒИР АТЛЕТИКАЧИЛАРИМИЗ ҒАЛАБАСИ

Жанубий Кореянинг Янггу шаҳрида оғир атлетика бўйича Осиё Кубоги ҳамда клублар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари якунланди.

Мусобақада қитъамизнинг 16 та мамлакатидан 110 нафар спортчи иштирок этди. Унинг сўнгги кунида энг оғир вазндавги полвонлар ўзаро кураш олиб боришди. 

105 кг. вазн тоифасида терма жамоамизнинг бир йўла икки аъзоси иштирок этди. Акбар Жўраев даст кўтаришда 173 кг, силтаб кўтаришда 201 кг, иккикурашга кўра 374 кг. натижаси билан биринчи ўринни эгаллади ва олтин медалга сазовор бўлди.

Мусобақада ҳамюртимизга асосий рақобатни Корея ва япониялик атлетлар юзага келтиришди. Натижада мезбон спортчи Же Мин Хо 366 кг. натижа билан кумуш медалини қўлга киритган бўлса, кунчиқар юрт вакили Тада Ёшихиро суммада 355 кг. оғирликдаги тош кўтариб кучли учликка якун ясаб берди. 

Мусобақа якунларига кўра,эркаклар ўртасида ташкил этилган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси 16 та давлат вакиллари орасида умужамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўриндан эронлик спортчилар жой олган бўлсалар, мусобақа мезбонлари —кореялик атлетларга учинчи ўрин насиб этди. 

Қизлар ўртасида ўтказилган беллашувлар якунига кўра,терма жамоамиз Корея термасидан сўнг фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринда эса Монголия терма жамоаси қайд этилди. Қувонарлиси, 58 кг. вазн тоифасида олтин медалини қўлга киритган Муаттар Набиева аёллар ўртасида мусобақанинг энг яхши спортчиси деб тан олинди. 

Демак, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 5 кун давомида Осиё кубогида 18 та олтин, 12 та кумуш ҳамда 12 та бронза медаллари қўлга киритилди. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”