2017-11-03 18:18:00

ОЙБЕК ҚОСИМОВ ПРАГАДА ХОҚ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Чехия пойтахти Прагада Миллий олимпия қўмиталари Ассоциациясининг XXII Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда.

Унда Ассоциацияга аъзо барча – 206 та Миллий олимпия қўмиталари вакиллари, Халқаро ва қитъа Олимпия қўмиталари раҳбарлари, Бутунжаҳон спорт федерацияларива Ассоциациялар мутасаддилари иштирок этмоқда. 

Мамлакатимиз номидан Миллий олимпия қўмиталари Ассоциаццияси (МОҚА) Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов қатнашмоқда. 

 Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилганди. Унда тегишли қўмита ва мутасаддилар олдига вазифалар белгилаб берилган бўлиб, Халқаро спорт федерациялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилганди.  

Айнан шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби МОҚА Бош Ассамблеяси доирасида Халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказиши режалаштирилганди. Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан учрашув жараёнида жаҳоннинг энг нуфузли спорт ташкилоти раҳбари Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб бораётганлиги, юртимизда спортга давлат томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканлигини изҳор қилди. 

О. Қосимов Прагада,шунингдек, Миллий олимпия қўмиталари Ассоциацияси (МОҚА) раҳбари, Осиё Олимпия Кенгаши президенти шайх Аҳмад ал Фаҳад ал Сабоҳ билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда томонлар қитъамизда спорт тараққиёти, олимпизм ғоялари, олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш масалаларида фикр алмашишди.

“Туркистон-пресс”