2017-11-03 22:02:00

РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАРКАЗИНИНГ НЬЮ-ЙОРКДА СОДИР БЎЛГАН ТЕРАКТГА МУНОСАБАТИ

Ушбу қабиҳ ва шафқатсиз жиноятни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Биз ҳар қандай шакл ва кўринишдаги экстремизм ва терроризмни кескин қоралаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Президенти Дональд Трампга Нью-Йоркда содир бўлган теракт юзасидан ҳамдардлик хатидан.

ТЕРРОРЧИНИНГ МИЛЛАТИ ЙЎҚ

Қайсидир тинч-осойишта шаҳарда кутилмаганда бомба портлайди ва бир лаҳзада бари кулга айланади. Бу ҳодиса яшин тезлигида оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуси — янада аниқроқ қилиб айтганда, “нони”га айланади. Уларнинг хабарлари одатда “яна бир террорчилик акти содир этилди” деб бошланади. Ҳа, бугун одам болаларининг тилида энг кўп айтилаётган сўзлар “террор”, “терроризм”, “террорчи” кабилардир.

Дунё тараққиётнинг, илм-фаннинг жадал ривожланиши билан бирга жаҳонни ларзага солаётган турли хил глобал муаммоларни ҳам бошидан кечирмоқда. Ана шундай дунёвий муаммолардан бири терроризмдир.

Бугунги кунда терроризм балосидан азият чекмаган давлат деярли қолмади. Кишини ташвишга соладигани эса кўплаб давлатлар биргаликда бир неча йиллардан буён мазкур иллатга қарши аёвсиз кураш олиб бораётган бўлса-да, бу курашнинг ижобий натижаси кўринмаётганидир. Бунинг сабаби нимада? Сабаблар бисёр, бизнинг назаримизда. Террорчиларга қарши курашда дунёвий якдилликнинг йўқлиги, икки ёқлама назар билан қараш, айрим давлатларнинг ўз сиёсий ва иқтисодий манфаатларига эришиш учун террорчилар қўлидан фойдаланишлари…

Ватани, миллати йўқ, жиноят ортидан катта молиявий маблағ ва бошқа имкониятларга эга бўлаётган кишиларнинг қабиҳ ишлари одатда оммавий қурбонларга, моддий ва маънавий, ҳатто тиклаб бўлмас бойликларнинг вайрон этилишга олиб келмоқда. Улар бошқараётган ташкилотлар ҳатто дунёнинг энг ривожланган давлатлари тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

ТЕРРОРЧИНИНГ МИЛЛАТИ БЎЛМАСЛИГИ ҲАҚ ГАП…

Яна бир эътирозга сабаб бўладиган омил борки, бу “ислом террорчилари” деган атамадир. Аслида ислом динида чумолига ҳам озор бериш қораланади. Хўш, инсонларни тириклайин ёқиб юбораётган, қул қилиб сотаётган, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётган кимсаларни ким деб атаганбўлардингиз?

Ислом динини ниқоб қилиб, ўз ғаразли ниятларини амалга ошираётганларнинг эса миллати ҳам йўқ. Уларни зимдан қўллаб-қувватлаётганларни эса ислом динини бошқа динга мансуб цивилизациялар наздида ёмон отлиқ қилиш, ишлаб чиқарган қурол-яроғларини сотиб катта даромад топиш, уларнинг йўриғига юрмаганларни демократия ўрнатиш баҳонасида четлаштириб, ўзлари тайёрлаган “кадр”ларини давлат тепасига қўйиш қизиқтиради.

БИЗ НИМА ҚИЛМОҒИМИЗ ЗАРУР?

Шу йилнинг июнь ойида ёшлар масаласи бўйича бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фарзандлар келажаги, уларнинг тарбияси ва бунга лоқайд муносабатда бўлиш нималарга олиб келиши ҳақида сўз юритди.

“Бола ота-она қўлида бир омонатдир”, дейди буюк алломаларимиз. Болаларимиз, уларнинг тақдири, келажаги ҳақиқатан ҳам жуда омонат эканини бугунги ҳаёт ҳар томонлама исботламоқда, — дейди давлатими раҳбари. — Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, буомонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

Биз, кўпинча болам мактабда, ўқишда ёки чет элда ишлаяпти, деб хотиржам юрибмиз. Лекин бизнинг бундай соддалигимиз, бепарволигимиздан душманлар маккорлик билан фойдаланмоқда. Бизнинг жону жаҳонимиз бўлган фарзандимиз душманлар қўлида қуролга айланиб қолса, бунинг учун аввало ким айбдор? Ўзимиз эмасми? – дея аччиқ ҳақиқатлар билан Юртбошимиз барчамизни сергакликка чорлади.

Шунинг учун мактаб, лицей ва коллежлардаги, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия, биринчи навбатда, давомат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беришимиз шарт”. “Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман” – деди Президентимиз.

Мамлакатимиз терроризмга қарши курашда ўзининг қатъий позициясига эга эканлигини таъкидлаган ҳолда, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб дунё халқига қарата шундай деган эди:

— Дунёда терроризм таҳдидлари айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганидан далолат беради. Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир.

Дарҳақиқат, биз маънавият трағиботчилари жойлардаги диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг диний-экстремистик ташкилотлар таъсирига тушиб қолишини олдини олишда ўқув муассассалари, ташкилот ва маҳалла йиғинлари ўтказиладиган маърифий тадбирларда ёшларни илмли, дунёвий дунёқарашли ватанпарвар шахс қилиб тайёрлашга алоҳида урғу беришимиз лозим.

Шу билан бирга, диний-экстремизм тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

ХУЛОСА ЎЗИМИЗДАН…

Тананинг бирор жойига чиққан кичкинагина яра вақтида бартараф этилмаса, у газак олиб, бутун танага тарқалиб кетиши мумкин. Халқаро терроризм худди мана шундай ярага ўхшайди. Ачинарлиси, у айни кунларда газак олиб бўлди. Агар терроризмга панжа орасидан қаралса, “менга нима” ёки “ўзим тинч бўлсам бўлди, бошқалар билан ишим йўқ” қабилида иш тутишда давом этилаверса, у бутун дунёни ўз даҳшати билан қамраб олади.

Буларнинг барчаси ҳаётимизга, тақдиримиз ва келажагимизга жиддийроқ қарашимизни тақозо этади. Биз ҳар қандай сохта шиорлар, баландпарвоз даъватлардан кўра кўпроқ ақл-идрокка, том маънодаги тафаккурга таяниб иш тутишимиз лозим.

Тинчлик ва осудалик халқимизнинг фаровон ҳаёти учун сув ва ҳаводек зарур. Бугунги глобаллашув жараёнида мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталикни асрашга ҳар биримиз масъулмиз.

Огоҳ бўлайлик!

Алишер ҚОДИРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.

“Туркистон-пресс”.