2017-11-03 22:12:00

“АДОЛАТ” ҚАБУЛХОНАСИ” АДОЛАТ ЎРНАТМОҚДА

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизда cалмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, одамларни ташвишга солаётган ҳаётий муаммоларнинг ҳал этилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бунда Президентнинг виртуал қабулхонаси ва барча ҳудудларда Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар, давлат органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашларда ҳисобот бериши бўйича жорий этилган мутлақо янги тизим ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Айни пайтда бошқа сиёсий партиялар қатори Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам жойларда ташкил этилган “Адолат” қабулхоналари” кўмагида бу эзгу ишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшмоқда. Масалан, Наманган вилоятининг шаҳар ва барча туманларда халқ билан мулоқотнинг бу самарали усули йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин. Партия вилоят кенгашидан маълум қилишларича, ўзларини ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиб, дарду-ташвишлардан қутулиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида мурожаат этаётган фуқаролар сони ортиб бораётгани диққатга сазовордир. Бу эса ўз навбатида одамларнинг қабулхоналаримизга бўлган ишончи ортиб бораётганлигини ҳам кўрсатади.

Яқинда Чуст туман партия кенгашидаги “Адолат” қабулхонаси”га “Камарсада” маҳалласида яшовчи фуқаро Г. Ибрагимжоновадан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, бу аёл ҳисобчи ихтисоси бўйича ўрта махсус маълумотга эга, бироқ анча вақтдан бери ўзига мос иш топа олмаётган экан. Партия туман Кенгаши раиси С. Аҳмедов халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ш. Мадолимов билан биргаликда масалани ўрганиб, туман ҳокимлиги мутахассислари, бир қатор корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказди. Ниҳоят, янги ташкил этилган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасида бош ҳисобчи лавозими бўш эканлиги аниқланди. Иш қидираётган фуқаронинг малакаси синовдан ўтказилганда, яхши баҳоланди. Унинг ўзига ҳам бўлажак иши, корхонадаги шарт-шароитлар  маъқул тушди.

Поп туманидаги “Адолат” қабулхонаси”га мурожаат қилган фуқаро Д. Хўжаева эса ўз мурожаатида кўпчиликни ўйлантираётган муаммони ўртага ташлаган. У ўзи яшайдиган “Ипак йўли” маҳалласидаги Бобур кўчасига туташган ички йўлларнинг ҳолати яхши эмаслигини, бу эса транспорт воситаларига ҳам, аҳолига ҳам қийинчилик туғдираётганини билдирган. Фаоллар иштирокида ўтказилган ўрганиш бу фикрни тасдиқлади. Шунинг учун туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига хат йўлланди. Дастлабки маълумотларга қараганда, йўлсозлар муаммони ҳал этиш устида иш олиб бормоқдалар. Партия туман кенгаши фаоллари масаланинг ижроси устидан назорат ўрнатдилар.

Яна бир мурожаат эса партиянинг вилоят Кенгашида очилган “Адолат” қабулхонаси”га келиб тушди. Унда Уйчи туманидаги “Исломобод” маҳалласи, Янгиобод кўчасида яшовчи А. Муродов туман электр тармоқлари корхонаси ходимларининг нотўғри хатти-ҳаракатларидан шикоят қилганди. Бу иш билан вилоят кенгашининг масъул ходими Ш. Маҳмуджонов шуғулланди.

Маълум бўлишича, фуқаро хонадонидаги электр ҳисоблагич куйиб, ишдан чиққан. Электр тармоқ ходимлари эса бунинг учун ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, 1 миллион 143 минг 326 сўм жарима солишган. Қабулхона орқали тайёрланган хат вилоят электр тармоқлари корхонасига юборилди. Мутахассислар ўтказган текширувдан сўнг жарима нотўғри қўлланилганлиги, фуқаро фақат фойдаланган электр қуввати учун ҳақ тўлаши кераклиги ҳамда ҳисоблагични ўз ҳисобилан бошқа ўрнатиши зарурлиги тўғрисида адолатли қарорга келинди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

“Туркистон-пресс”.