2017-11-03 22:32:00

НАМАНГАН ШАҲРИДАГИ БАРЧА ШИФО МАСКАНЛАРИДА “ЭЛЕКТРОН ПОЛИКЛИНИКА”ЛАР ИШ БОШЛАДИ

Наманган вилояти бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизими (ААТ) жадал жорий этилмоқда. Яқинда вилоят марказидаги барча оилавий поликлиникаларда “Электрон поликлиника”лар ишбошлади.

Соҳа фаолиятини замон талаби асосида такомиллаштириш имконини берадиган янгилик сентябрь ойида 10-оила поликлиникасида тадбиқ этилган эди. Қисқа фурсатда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли “Ўзмединфо” маркази ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари ёрдамида шаҳардаги яна 12 та поликлиника локал тармоққа уланди. Вилоят ҳокимлиги ва ҳомийларнинг молиявий ёрдамида тармоқлар тортилиб, зарур ахборот коммуникация воситалари билан таъминланди.

– Онлайн тартибида ишловчи автоматлашган ахборот тизими яратилган. Уни республикамизда бўлгани каби Наманган вилоятидаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларига ҳам жорий қиляпмиз,– дейди “Узмединфо” вакили Нурмуҳаммад Сотволдиев. – Вилоятлар орасида биринчилардан бўлиб Наманган шаҳридаги 13 та оилавий поликлиникада янги тизим муваффақиятли ишга солинди. Унинг афзалликлари одамларни мамнун этмоқда.

“Электрон поликлиника” ААТ тизими аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Дастурга мувофиқ поликлиникалар хизмат кўрсатадиган маҳаллаларда яшовчиларга очилган тиббий карталарнинг ҳаммаси касалликларнинг халқаро таснифи шаклида Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпоратив тармоғидаги электрон базага киритилган. Бемор нафақат ўзи яшайдиган жойдаги поликлиника, балки республикамизнинг қайси бир шаҳри ёки вилоятида бўлмасин,тиббий хизматга эҳтиёж сезса ўша ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиши мумкин. Фуқаронинг тиббий картаси мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникалар компьютерларида кўринади.

– Янгилик шарофати билан вужудга келадиган имкониятлар доираси янада кенг, – дейди бошқарма ахборот коммуникация технологиялари бўйича бош мутахассиси Акмалжон Ҳамиджонов. – Энди беморлар оилавий поликлиникаларга келиб, навбат кутиб, қимматли вақтларини беҳуда сарфламайдилар. Интернет тармоғи орқали қайси шифокорнинг қайси вақтда ишлашини билиб, электрон рўйхатга ёзилишлари мумкин.

Врачлар қабули чоғидаги ташхис маълумотлари эса автоматик равишда ҳисоботлар базасида қайд этиб борилади. Фуқаролар мазкур тизим орқали шифокорлар ва ҳамшираларга миннатдорчилик изҳор қилишлари, фаолиятига оид таклиф ва мулоҳазаларини баён этишлари мумкин. Яна бир муҳим жаҳат шундан иборатки, “Электрон поликлиника”га келиб тушган мурожаат ёки шикоят таҳлили врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг иши рейтинг натижаларини адолатли баҳолашда ғоят қўл келади.

“Электрон поликлиника” тизими келгуси босқичда туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларга ўрнатилади. Кейин эса қишлоқ оилавий поликлиникаларини қамраб олади. Бугун-эрта Норин, Мингбулоқ, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари аҳолиси ҳам бу имкониятдан баҳраманд бўлади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

“Туркистон-пресс”.