2017-11-06 13:04:00

ИБРАТ ФАОЛИЯТИ НЕГА ДАРСЛИКЛАРДА ЙЎҚ?

Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг етук намояндалари қаторида Исҳоқхон тўра Ибрат муҳим ўрин тутади. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшаб ижод қилган маърифатпарвар бобомизнинг ҳаёти ҳамда серқирра фаолиятининг ибратли жиҳатлари бир талайки, бугунги ёшлар учун чинакамига ўзига хос сабоқ мактаби ролини ўйнайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Улуғ аждодимиз Ибрат тахаллусини ўзига бежиз танламаган экан. Унинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки, бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда, десак адашмаган бўламиз”.

Шундай экан, таълим-тарбия тизимида Ибратнинг ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишга алоҳида эътибор билан қарашимиз айни муддаодир. Маълумки, мактаб, лицей, коллежлар дарсликларида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний ва Муҳаммадшариф Сўфизода каби жадидчи қаламкашлар билан бир сафда турган Исҳоқхон Ибратга шу пайтгача ўрин ажратилмаган. Истардикки, Ибрат фаолияти ва ижодий меросини ўргатишни мактабдан бошлаб, ўрта-махсус таълимда янада муккаммалроқ давом эттириб, сўнгра институт ва университетларда кенг қамровли ташкил қилинса, бу борада узлуксизликка эришилган бўлар эди.

Бинобарин, Ибрат амалий ишларига ижодий фаолиятини уйғунлаштирган серқирра салоҳият соҳиби. Ўзидан бизларга бой адабий ва илмий мерос қолдирган. Унинг “Луғати ситтати ал-сина” асари олти тилли луғат бўлиб, арабча-форсча-ҳиндча-туркча-русча- ўзбекча сўзлардан тартибланган. Муаллиф русча ёзув тизимини билмайдиганларга ҳам қулай бўлсин учун рус тилидаги сўзларни ҳам араб ёзуви билан беради. Рус ва Европа сўзларини араб ёзувида ифодалаш анча мураккаб бўлса-да, Ибрат бу ишнинг уддасидан чиқа олган.

Адибнинг тилшуносликка оид иккинчи рисоласи “Жомеъ ул-хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) дир. Унда дунёдаги қирқ битта ёзувнинг тадрижий такомили ғоят аниқлик билан ёритилган. Шуниси диққатга сазоворки, 132 саҳифали мазкур илмий асар муаллифнинг ўзи томонидан ташкилланган “Матбааи Исҳоқия” босмахонасида ғоят чиройли ва бежирим шаклда чоп этилган.

Унинг “Фарғона тарихи” асари мамлакатимиз тарихига оид нодир манбалардан бирибўлса, "Мезон ул-замон" яъни, замон тарозуси маъносини берувчи рисоласиоламдаги ўзгаришларга одамдаги ўзгаришларни уйғунлаштирмоққа, янгиликлардан бебаҳра қолмай, иллатлардан тезроқ фориғланишга даъватнома тарзида битилган. Туркий назм ва ўзбек мумтоз сўз санъатининг нодир намуналари мутолаасига болаликдан ошнобўлган Исҳоқхон тўра Ибарат умр бўйи адабиётнинг туйғуларга йўғрилган кичик жанрида қалам тебратиб, ўзига хос бадиий мерос қолдирган.

Мухтасар айтганда, Ибратнинг ибратлиҳаёти ва фаолияти бизёшлар учун ҳар жиҳатдан ўрнаква намунадир.Шундай экан, Исҳоқхон Ибратнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганишучун унинг серқирра ҳаёти ва фаолиятини дарсликларга киритиш мақсадга мувофиқдир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

НамДУ талабаси.

“Туркистон-пресс”