2017-11-06 16:13:00

ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ АНТИДОПИНГ АГЕНТЛИГИ ОЧИЛИШИ БЎЙИЧА КЕЛИШУВГА ЭРИШИЛДИ

Чехия пойтахти Прагада бўлиб турган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов Халқаро антидопинг агентлиги (WADA) Бош директорининг ўринбосари Роб Коехлер билан учрашди.

Суҳбат жараёнидаги асосий мавзу Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласи бўлди.  

Маълумки, жорий йилнинг 9-10 март кунлари пойтахтимизга Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари билан алоқалар бўйича директор ўринбосари Том Мэй ва ушбу ташкилотлар билан алоқа бўйича менежери Франциско Леонлар ташриф буюришганди. Миллий ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари вакилларининг юртимизга ташрифидан кўзланган мақсад — Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари билан учрашиш асносида Ўзбекистонда Миллий антидопинг ташкилотини тузиш имкониятларини муҳокама қилиш эди. 

Ойбек Қосимов билан бўлиб ўтган учрашув давомида жаноб Роб Коехлер Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлигини очиш масаласида зарур амалий ёрдамларни аямаслиги, керак бўлса, Тошкентга экспертлар ва мутахассислардан иборат коммисия юборишини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби жаноб Коехлерга таклиф этилаётган ёрдам учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон бу масалада WADA да билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”