2017-11-07 10:09:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЖИЗЗАХ ШАҲРИДА ШАРОФ РАШИДОВ ҲАЙКАЛИНИНГ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар! 

Муҳтарам меҳмонлар! 

Қадрли Жиззах аҳли! 

Бугун барчамиз жонажон Ватанимиз ҳаётидаги улкан воқеа муносабати билан қадимий ва навқирон Жиззах шаҳрида тўпланиб турибмиз. 

Шу кунларда ўзбек халқининг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи ва беназир инсон Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. 

Кўп миллатли халқимиз бу улуғ инсоннинг азиз номини ёд этиб, унинг ўлмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирмоқда. 

Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. 

Бу улуғ инсон, собиқ мустабид тузум даврида турли тазйиқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан, ҳалол ва фидокорона хизмат қилди. 

Умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлганини барчамиз яхши биламиз. 

Шароф Рашидов оддий халқ орасидан чиққан, ҳақиқий юртпарвар раҳбар эди. 

У киши бир умр ўзи каби содда ва камтарин одамларга елкадош бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари билан яшади. Уларга хизмат қилишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билди. 

Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам халқимиз манфаатини ўйлаб амалга оширган ана шундай савобли ишларини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди. 

Минг афсуски, ҳаёт бу инсонга шундай мураккаб қисматни раво кўрдики, у юрагидаги барча орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ўз меҳнатининг ҳосилидан тўла баҳраманд бўлиш имконига эга бўлмади. 

Аксинча, мустабид тузум ўзига садоқат билан хизмат қилган шундай улуғ инсонни охир-оқибатда турли туҳмат ва маломатларга дучор қилди. 

Шароф Рашидов вафот этиши билан унинг хотирасини хўрлаб, қабрини кўчирдилар, оила аъзолари, қариндош-уруғларини, дўстлари ва шогирдларини қувғин қилдилар. “Пахта иши”, “Ўзбек иши”, “Рашидовчилик” деган бўҳтон гаплар билан у кишининг азиз номини, бутун халқимизни ёмонотлиқ қилдилар. 

Фақатгина мустақиллик даврига келиб, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан тарихий адолат тикланди – Шароф Рашидовнинг пок номи оқланди ва 75 йиллик таваллуд санаси юртимизда кенг нишонланди. 

Биз бугун яқин тарихимизда бўлган ана шундай аянчли воқеаларни эслар эканмиз, мустақиллигимизнинг қадр-қимматини янада теран англаб етишимиз, уни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз шарт. 

Шароф Рашидов республика раҳбари сифатида зиммасидаги улкан вазифаларга қарамасдан, ўзи бутун борлиғи билан севган адабиётга ҳамиша содиқ қолди. 

У ўзининг бетакрор истеъдоди билан эзгу қадриятларни тараннум этган роман ва қиссалар, шеър ва достонлар, публицистик мақолалар яратди. 

Рус тилини мукаммал эгаллаган, бу тилда бадиий асарлар ёзиш салоҳиятига эга бўлган бу улкан адиб айнан ўзбек тилида ижод қилди. Шу тариқа, ўша пайтдаги мураккаб идеологик тазйиқларга қарамасдан, миллий адабиётимиз, авваламбор, она тилимиз ривожига қўшган катта ҳиссаси ҳар томонлама ибратга муносибдир. 

Шароф Рашидовнинг “Икки дил достони” деган гўзал асарини ҳаммамиз севиб ўқиганмиз. Менинг назаримда, чинакам севги ва садоқат достони бўлмиш бу асарда Шароф ака ва у кишининг меҳрибон рафиқаси, оқила ва мунис ўзбек аёли Хурсаной опанинг ибратли ҳаёти ва тақдири мужассам бўлгандек туюлади. 

Ҳақиқатан ҳам, бу матонатли аёл умр бўйи Шароф Рашидов билан ҳамнафас бўлиб, ҳаётнинг барча синовларига бардош бериб, энг оғир дамларда ҳам умр йўлдошига содиқ бўлиб яшади. Бундай бебаҳо фазилатлари билан бу муштипар опамиз халқимиз ўртасида чинакам вафо ва садоқат тимсолига айланди. 

Шу ўринда яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни ўринли, деб биламан: Шароф ака ва Хурсаной опанинг берган таълим ва тарбияси, шахсий намунаси туфайли уларнинг оиласи, фарзандлари ўз ота-оналарига муносиб бўлиб, эл-юртга фидоийлиги билан бу қутлуғ хонадон номини доимо пок сақлаб келмоқда. Бундай хислатлар кўп миллатли халқимиз, юртимиздаги барча оилалар учун ҳар томонлама ўрнак ва ибратга лойиқ бўлган маънавий ҳодисадир. 

Қадрли ватандошлар! 

Ҳурматли меҳмонлар! 

Бугун биз ўзбек халқининг буюк фарзанди Шароф Рашидович Рашидовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирар эканмиз, унинг номи ва ҳаёти Ватанимиз, халқимиз тарихи билан чамбарчас боғлиқ эканига яна бир бор амин бўлмоқдамиз. 

Шароф Рашидовнинг мураккаб, шу билан бирга, шарафли ҳаёт йўлида ўзбек халқининг ХХ асрдаги тақдири ўзининг ёрқин ифодасини топди. 

Улуғ Ватан уруши бошланиши билан у биринчилар қаторида фронтга отланди ва душман билан курашда ҳақиқий мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатди. Оғир яраланганидан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, бор куч ва ғайратини аямасдан, турли лавозимларда ишлади. 

Шароф Рашидов ўта машаққатли йилларда Ўзбекистонга қарийб чорак аср давомида раҳбарлик қилди. Унинг раҳнамолигида республикамиз иқтисодий тараққиёт, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида улкан муваффақиятларга эришди. 

Минглаб гектар қаровсиз ерлар ўзлаштирилди. Ўзбекистон харитасида янги шаҳар ва қишлоқлар пайдо бўлди, юзлаб завод ва фабрикалар қурилди, боғу роғлар барпо этилди. 1966 йилдаги кўплаб вайронагарчиликлар келтирган зилзиладан сўнг қисқа муддатда замонавий Тошкентнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. 

Бугунги маросимда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан Шароф Рашидов билан узоқ йиллар давомида бирга ишлаган вакиллар иштирок этаётгани бу тадбирга алоҳида руҳ ва маъно-мазмун бағишламоқда. Уларнинг орасида атоқли давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари борлигини таъкидлаш лозим. 

Биз, шунингдек, Шароф Рашидовни яхши таниган ва яқиндан билган муҳтарам меҳмонларимизни самимий қутлашдан мамнунмиз. 

Булар учувчи-космонавтлар – ватандошимиз Владимир Жонибеков ва Солижон Шарипов, таниқли селекционер олим Иван Кузьмин, Шароф Рашидов ҳақидаги қатор китоблар муаллифи, ёзувчи Фёдор Раззоқов ва бошқалардир. 

Қадрли меҳмонлар, Шароф Рашидовнинг хотирасига бўлган ҳурмат ва эҳтиромингизни биз аввало бутун Ўзбекистон халқига бўлган ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида қабул қиламиз. 

Барчангизга самимий миннатдорлик билдириб, чин қалбимдан мустаҳкам соғлик, бахт ва омад тилайман. 

Муҳтарам юртдошлар! 

Бундан бир йил муқаддам халқимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, Шароф Рашидовнинг 100 йиллик таваллуд тўйини бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш, у киши туғилиб камолга етган мана шу заминда муҳташам ёдгорлик мажмуасини барпо этишга қарор қилган эдик. 

Шу асосда Жиззах туманига Шароф Рашидовнинг муборак номи берилгани халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. 

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу мажмуада Жиззах аҳли, бутун республикамиздан келган қўли гул усталар, қурувчи ва меъморлар, мутасадди ходимлар сидқидилдан меҳнат қилдилар. Натижада бу ёдгорлик мажмуаси табаррук зиёратгоҳга айланганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. 

Фурсатдан фойдаланиб, бу эзгу ишга муносиб ҳисса қўшган барча-барча юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдираман. 

Шулар қаторида Шароф Рашидовнинг хотирасини абадийлаштириш, бу улуғ инсон ҳақидаги тарихий адолатни тиклаш мақсадида янги илмий ва бадиий асарлар, мақола ва хотиралар ёзган, спектакль ва фильмлар, ҳайкаллар яратган ижодкор зиёлиларимизга ҳам чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман. 

Ишончим комил, бу гўзал масканга қадам қўйган ҳар бир одам, авваламбор, ёшларимиз Шароф Рашидовнинг нурли сиймосида мард ва матонатли халқимизга хос олижаноб фазилатларни кўргандек бўлади. 

Бу улуғ инсоннинг бетакрор тимсоли барчамизни Ватанни ҳақиқий фарзандлик меҳри билан севишга, унга ва ўзбек халқига садоқат билан хизмат қилишга даъват этиб туради. 

Азиз дўстлар! 

Ҳаммангиз яхши хабардорсиз, кейинги бир йил давомида юртимизнинг турли ҳудудларида Ибрат домла, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф сингари улуғ адибларимиз хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари, уларнинг номидаги ижод мактаблари барпо этилди. 

Ана шундай эзгу ишларимизнинг давоми сифатида куни кеча Жиззах шаҳрида миллий адабиётимизнинг улкан намояндалари – Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига қўйилган муаззам ҳайкал очилди. Уларнинг номи билан аталган хиёбон, ижод мактаби ва музей ўз ишини бошлади. 

Бор-йўғи ўттиз беш йил яшаб, адабиётимиз осмонида чақмоқдек чақнаган нодир истеъдод соҳиби Ҳамид Олимжон ва атоқли шоира Зулфияхонимнинг ҳаёт ва ижод йўли ёш авлодимиз учун ҳар жиҳатдан ибрат намунасидир. 

Ана шу ижод маскани ёшларимиз, энг аввало, мунис ва лобар қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни Зулфияхоним каби вафодор, доно ва оқила, ўз юртига садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда мустаҳкам замин бўлади. 

Бу маънавият кошонасининг эшиклари нафақат Жиззах вилояти, балки бутун мамлакатимиз ёшлари учун очиқдир. 

Бугунги маросимда иштирок этаётган сиз, азизлардан битта илтимосим бор: фарзандларимизни, айниқса, қизларимизни мана шундай гўзал масканларга кўпроқ олиб келсак, уларни адабиёт ва санъатнинг сирли дунёси билан ошно этсак, ўйлайманки, нур устига нур бўларди. 

Мен ишонаман, ушбу таклифимни Жиззах аҳли ва бутун халқимиз албатта қўллаб-қувватлайди. 

Қадрли ватандошлар! 

Муқаддас китобларимизда, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик эканига алоҳида урғу берилади. 

Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади. 

Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди. 

Бугун Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасига кўрсатилаётган чексиз эҳтиром, ҳурмат ва иззат бу фикримни яна бир бор яққол тасдиқлаб турибди. 

Муҳтарам дўстлар, қадрдонлар! 

Буюк арбоб, улуғ инсон ўзбек халқининг атоқли фарзанди Шароф Рашидовнинг охиратлари обод бўлсин! 

Азиз фарзандларининг хотирасини ардоқлаб, руҳларини шод этиб яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин! 

Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо, эл-юртимиз фаровон бўлсин! 

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА