2017-11-07 12:00:00

ЎЗБЕКИСТОН БЮДЖЕТДАН ТАШҚАРИ НОТАРИАТНИ ЖОРИЙ ЭТИШНИ РЕЖАЛАШТИРМОҚДА

Ўзбекистон босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштиришга асосланган нодавлат бюджетдан ташқари нотариатни жорий этишни режалаштирмоқда. 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат нотариал идоралари нодавлат идораларга айлантириб борилади.

“Газета.uz” хабарига кўра, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Президент қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Мамлакатда нотариат институтини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари қаторида «нотариал фаолиятнинг самарали, шаффоф тизимини» яратиш ва нотариусларни мунтазам аттестациядан ўтказиш тартибларини жорий этишдан иборат. Нотариатларни ҳалол ва юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва юқори даражада хизмат кўрсатишга эришиш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.

Нотариал идораларни молиялаштиришнинг адолатли шароитларини яратиш орқали нотариусларнинг ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатишларига эришиш режалаштирилган.

Баҳссиз даъволар бўйича суд қарорларини чиқариш амалиётини қисқартириш ҳисобига қарздордан пул маблағлари ва мол-мулкни ундириш тўғрисидаги нотариуслар ижро қайдларини жорий этишни кенгайтириш белгиланган. Бу суд тизимида иш ҳажмининг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Ўзбекистон Нотариал палатасини таъсис этиш ва барча нотариусларнинг унга мажбурий равишда аъзо бўлишини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Нодавлат палата нотариуслар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Фармон лойиҳасида 2018 йил 1 июлидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр энергияси, табиий газ, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида қоғоз кўринишидаги маълумотномаларни тақдим этиш ҳақидаги талаб бекор қилинади. Зарур маълумотлар фақатгина идоралараро электрон алоқани қўллаш ёки коммунал қарздорликни қоплаш тўғрисида томонларнинг ёзма хатини олиш йўли билан амалга оширилади.

“Туркистон-пресс”