2017-11-07 13:00:00

ДЕПУТАТЛАР АҲОЛИ БИЛАН ДОИМИЙ МУЛОҚОТДА

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Ургут туман кенгаши депутатлари сайловчилар муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. 

Депутатларнинг Жарқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган аҳоли билан учрашувида қатор муаммолар тингланди ва аксарияти жойида ечим топди. 

— Турмуш ўртоғим доимий иш билан банд бўлмаганлиги сабабли оилада моддий етишмовчилик бор, — дейди фуқаро М.Исломова. — Мавсумий ишларга чиқай десам, фарзандим ҳали ёш. 2017 йилнинг апрель ойидан буён маҳаллага фарзандимга икки ёшгача бериладиган нафақа пули сўраб мурожаат қиламан, аммо ҳалигача нафақа тайинлангани йўқ.

Депутатлик гуруҳи томонидан маҳалла раиси Д.Эгамовдан бу масалада изоҳ сўралди. Фуқарога жорий йилнинг ноябрь ойидан нафақа тайинланиши ҳақида маълумот берилди.

Камардон маҳалласида бўлиб ўтган учрашув чоғида фуқаро Б.Тоғаева 2010 йилда яқинлари кўмагида уй қургани, аммо шундан буён бу иморатини таъмирлаб олишга имконияти етмаётганини айтиб мурожаат қилди. Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш учун туман касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан маблағ ажратиладиган бўлди. 

Депутатлар ушбу маҳаллада яшовчи, боқувчисини йўқотган, 4 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси Г.Холмуродовага маиший техника жиҳозлари совға қилди.

“Туркистон-пресс”