2017-11-07 16:00:00

СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИК ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партиясининг XIX съезди якунларига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида жорий йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, сиёсий партиялар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, ХХР делегацияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маълумки, 2017йил 18-24 октябрь кунлари ХХР Компартияси XIX съезди бўлиб ўтди. Унда Си Цзиньпин партия марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайланди.

Анжуманда Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Халқаро алоқалар канцелярияси бошлиғининг ёрдамчиси Шен Бейли Хитойнинг кейинги беш йиллик ривожланиш йўлини белгилаб берган мазкур съезд якунлари, Хитой тараққиёт истиқболида самарали қўшничилик муносабатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва қатъий ишончга асосланган ҳамкорлик истиқболлари ҳақида йиғилганларга маълумот берди.

Хитой Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда барча жабҳаларда фаол ривожланиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси биланишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Хитой билан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳаларда янги босқичдаги ўзароҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.

Тақдимотда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилангани каби Хитой Халқ Республикасини тараққий эттиришнинг беш йиллик истиқболларида ҳам яқин қўшничилик муносабатларини ривожлантириш масаласи ташқи сиёсатда асосий йўналиш сифатида белгилангани қайд этилди. Бу ўзаро манфаатли инвестициявий ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форум доирасида иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

“Туркистон-пресс”